Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент Эрдўғоннинг янги китоби чоп этилди. Унда йирик давлатларга ёқмайдиган таклиф илгари сурилган

Президент Эрдўғоннинг янги китоби чоп этилди. Унда йирик давлатларга ёқмайдиган таклиф илгари сурилган

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг «Дунё адолатлироқ бўлмоғи мумкин» (Daha Adil Dünya Mümkün) деб номланган китоби чоп этилди. 

Китобда дунё бўйлаб кузатилаётган адолатсизлик, миграция инқирози, халқаро терроризм, исломофобия, сиёсий мунофиқлик каби иллатлар хусусида сўз юритилади.  Қайд этилишича, бугун инсоният учун энг зарур қадрият бу – адолатдир.

«Мурғак болалар ўлдирилаётган дунёда ҳеч ким ўзини айбсиз дея олмайди», – деб ёзади муаллиф.

Р.Т.Эрдўғон курраи арздаги жиддий муаммоларни санар экан, БМТ уларни ҳал этишга ожизлик қилаётганига эътибор қаратади.

БМТнинг олий бошқарув ҳайъати – Хавфсизлик кенгаши халқаро муаммоларни ҳал этишда катта ваколатга эга. Иккинчи жаҳон урушидан кейин жорий этилган тартибга кўра АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия ҳамда Франция Кенгашнинг доимий аъзолари саналади.

Туркия раҳбарига кўра, дунё фақат беш давлатдангина иборат эмас. Ҳозирги тартиб эса «кимки кучли бўлса, ўша ҳақ» деган қоидани янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда, холос.

«Дунё адолатлироқ бўлмоғи мумкин» китоби муаллифининг таъкидлашича, замонавий муаммоларни эски талаблар асосида тузилган ташкилот ҳал қилишга қодир эмас. Аксинча, эски тузилма янгидан-янги муаммоларга доялик қилади.

Эрдўғоннинг фикрича, БМТ Хавфсизлик кенгаши дунёдаги адолатсизликларнинг сабабларидан бири ҳисобланади. 5 доимий аъзо – Европа, Америка ва Осиё вакили, аммо Кенгашда Африка давлати йўқ. Қолаверса, халқаро тузилмада мусулмонларни тамсил этувчи мамлакат ҳам мавжуд эмас. Хитойни инобатга олмаганда 4 давлат насроний тамаддуни вакилидир.

«Биз Хавфсизлик кенгаши турли қитъалар, динлар, этник гуруҳлар ва маданиятлар манфаати нуқтаи назаридан, адолат мезони асосида қайта ташкил этилиши тарафдоримиз. Агар бу амал ошса, халқаро муаммоларни ҳал этиш ва дунёда тинчлик ўрнатиш борасида инқилобий қадам ташланган бўлур эди», – деб ёзади Эрдўғон.

Айни пайтда Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари фаолиятига ҳатто БМТ Бош ассамблеяси ҳам таъсир кўрсата олмайди.

Туркия президентига кўра, Хавфсизлик кенгашининг 20 аъзоси Бош ассамблея томонидан муайян муддатга сайланиши керак. Расмий Анқара таклиф этаётган модель Бош ассамблеянинг худди парламент каби, Хавфсизлик кенгашининг эса ижроия органи каби фаолият юрититиши кўзда тутади. Бу орқали кучлар мувозанатини таъминлаш ҳам мақсад қилинган. 

Эрдўғон ўз фикрларини «камтарона ташаббус» деб атар экан, БМТни ислоҳ этиш бўйича турли таклиф ва мулоҳазалар орасидан энг мақбули танлаб олинишини таъкидлайди. Айни чоқда, у 5 доимий аъзонинг миллий манфаатлари устун саналган мавжуд тизим албатта ислоҳ этилмоғи лозимлигини уқтиради.

«Бизнингча, айнан адолат мезони жаҳонда тартиб-интизом, осойишталик ва фаровонликни таъмин этади. Бу жиҳатдан, адолатлироқ дунёни барпо этишга ишонч бахш этадиган тартиб-қоида сув билан ҳаводек зарур», –  деб хулоса қилади китоб муаллифи.

Хабарларга кўра, турк тилида ёзилган ҳамда инглиз, араб, олмон, француз, рус ва испан тилларига таржима қилинган китоб сотувидан тушган маблағ Туркия ҳукумати ҳузуридаги фавқулодда вазиятларга қарши курашиш бошқармасига (AFAD) ўтказилади.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон бир неча йилдан буён БМТ бошқарув тузилмасини ислоҳ қилишни таклиф этиб келмоқда. Хусусан, у БМТ Бош ассамблеясининг 2019 йил сентябрь ойида ўтган 74-сессиясидаги нутқида инсоният келажаги БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоларининг қарорларига боғлиқ бўлиб қолиши мумкин эмаслигини таъкидлаган.

У жорий йил июнь ойида Анталия шаҳрида ташкил этилган халқаро дипломатик форумдаги (ADF 2021) маърузасида ҳам «Дунё бешдан каттароқдир!» дея бонг уриб, ўтмишнинг даққи қарашлари ва тангу тор қолипларидан дадил воз кечиш лозимлигини уқтирган эди.  

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг