Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қорабоғда тарихий обидаларнинг вайрон этилишини ЮНЕСКО тафтиш этиши керак – Озарбайжон президенти ёрдамчиси

Қорабоғда тарихий обидаларнинг вайрон этилишини ЮНЕСКО тафтиш этиши керак – Озарбайжон президенти ёрдамчиси

Фото: APA

Озарбайжон тарихий меросга қарши зўравонлик ҳаракатлари юзасидан ЮНЕСКОнинг муносабат билдиришини 30 йилдан бери кутмоқда. Бу ҳақда Озарбайжон президентининг ёрдамчиси Ҳикмат Ҳожиев «Маданият йўлидаги дунё» глобал кампанияси доирасида Бокуда ташкил этилган форумда сўзлаган.

«Trend» агентлиги хабарига кўра, Ҳ.Ҳожиев Озарбайжоннинг 30 йил аввал босиб олинган ҳудудларидаги тарихий-маданий обидалар вайрон этилганига эътибор қаратган.

«Бизнинг маданий меросимиз мунтазам равишда вайрон этилган. Биз ЮНЕСКО у ерга ташриф уюштириши ва Озарбайжон маданий меросига қарши амалга оширилган ҳаракатлар юзасидан ўз муносабатини билдиришини 30 йил давомида кутдик», – деган Илҳом Алиевнинг ёрдамчиси.

Қайд этилишича, Озарбайжон маданияти 30 йил давомида адолатсиз муносабат қурбони бўлган.

Озарбайжон вакили ушбу масалага халқаро ҳамжамият эътибор қаратиши лозимлиги, хусусан, ЮНЕСКО Қорабоғ ҳудудига миссия юбориб, маданий мерос объектларини вайрон этиш фактларини ўрганиши ва хулоса бериши лозимлигини таъкидлаган. 

Озарбайжон президенти ёрдамчиси Арманистон ишғолидан озод этилган Қорабоғда хусусан, Шуша шаҳрида маданий мерос объектларини тиклаш ишлари бошланганини таъкидлаган.

Айни кунларда Парижда ЮНЕСКОнинг Ҳаага конвенцияси бўйича давом этаётган 14-мажлисида Озарбайжон маданий меросни тиклаш, ривожлантириш ва муҳофаза этиш давлат хизмати раҳбари Озод Жаъфарли ҳам Қорабоғдаги обидалар муаммосини кўтарган ва ҳудудга ЮНЕСКОнинг техник миссияси юборилиши муҳимлигини қайд этган.

Мазкур мамлакат ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов ҳам ЮНЕСКО Бош конференцияси 41-сессиясида сўзлаган нутқида қарийб 30 йиллик оккупация даврида минтақадаги тарихий-маданий обидалар аянчли ҳолатга солингани ҳақида гапирган эди.

«Ишғол даврида юзлаб маданий обидалар қасддан буткул вайрон қилинган, зарар-зиён етказилган, талон-торож этилган ҳамда тарихий-маданий хусусиятини йўқотиш мақсадида ўзгартирилган. 67 масжиддан 65 таси ер билан яксон қилинган. Қолган иккитаси эса таҳқирланган – чўчқа ва сигирлар учун оғилхона сифатида фойдаланилган. Бу мусулмон дунёсига ҳурматсизликдир. Минглаб музей экспонатлари Арманистонга ноқонуний равишда ташиб кетилган», – деган Ж.Байрамов.

Озарбайжон армияси Қорабоғда 2020 йил 27 сентябрдан 9 ноябрга қадар Арманистон Қуролли кучларига қарши кечган жангларда қарийб 30 йил ишғол остида бўлган ҳудудларини қайтариб олди. 2020 йилнинг 10 ноябрида Озарбайжон, Арманистон ҳамда Россия ўртасида уч томонлама битим имзоланди. 44 кунлик уруш якунида Қорабоғдаги 5 та шаҳар, 4 та посёлка ҳамда 286 та қишлоқ яна Озарбайжон тасарруфига ўтди. Шу тариқа мамлакат ҳудудий яхлитлиги тикланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 31 март куни бўлиб ўтган Туркий кенгашнинг видеоконференция шаклидаги саммитида Озарбайжоннинг Қорабоғ ҳудудини қайтариб олишини «тарихий адолатни тиклаш йўлидаги ғалаба» деб атаган ва Ўзбекистон Қорабоғ заминидаги кўҳна обидалар, маданият ва маърифат масканларини тиклаш ишларига ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирган эди.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг