Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Россиялик дипломат Украина урушига норозилик билдириб истеъфо берди

Россиялик дипломат Украина урушига норозилик билдириб истеъфо берди

Борис Бондарев 20 йил давомида Россия ТИВ тизимида фаолият юритган.

Россиянинг Женевада жойлашган БМТ тузилмаларидаги доимий ваколатхонаси маслаҳатчиси Борис Бондарев Украина урушига норозилик билдирган ҳолда истеъфо берди. Б.Бондаревнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган ва UN Watch сайтида чоп этилган мактубида ўз мамлакати ва ўз фаолиятидан ҳеч қачон ҳозиргичалик уялмагани қайд этилган.

«Путин томонидан Украинага қарши, аслида эса, бутун Ғарб оламига қарши очилган тажовузкор уруш нафақат Украина халқига, балки Россия халқига нисбатан оғир жиноятдир», – дейилади баёнотда.  

Борис Бондаревга кўра, сўнгги 20 йилда Россия ташқи ишлар вазирлиги тизимида ёлғон ва нопрофессионаллик авж олди, вазирлик юз бераётган ҳодисалар ҳақида холис таҳлил ва соғлом прогнозлар бериш ўрнига ўтган асрнинг 30-йилларида шўро матбуотида қўлланган даққи қолиплардан фойдаланмоқда.

Қайд этилишича, Украинадаги уруш ташкилотчиларининг асосий мақсади ҳокимиятда умрбод қолиш ва чексиз ҳокимиятдан баҳраманд бўлишдан иборатдир. Ушбу мақсад йўлида эса аллақачон минглаб россияликлар ва украиналиклар ҳалок бўлди, дейилади баёнотда.

Шунга кўра, Россия дипломати давлат хизматида фаолиятни давом эттириш ва ҳалокатга етакловчи сиёсатга хизмат қилишни Ватанга хиёнат деб атаган ва истеъфога чиққанини эълон қилган.

Истеъфо ортидан ОАВга интервью берган собиқ дипломат Украинага ҳужум борасида ўз раҳбарларига бир неча бор танқидий фикрларини билдиргани, аммо улар «тилни тийиб юриш»ни тавсия қилганини айтган. Шунингдек, у Россия ТИВ тизимида сўнгги йилларда танқидий ёндашув йўқ қилинганини ҳам салбий воқелик ўлароқ келтирган.

Россия ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча Борис Бондаревнинг баёнотига изоҳ берганича йўқ.

«Коммерсант» нашрига кўра, Украинада уруш бошлангандан буён Россия ТИВ тизимида ишлаган бир неча дипломат ихтиёрий равишда ишдан бўшаб кетган, аммо уларнинг бирортаси Б. Бондарев каби жамоатчиликка очиқ баёнот бермаган. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг