Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Саудия Арабистони Украина инқирози бўйича сиёсий ечим таклиф этмоқда

Саудия Арабистони Украина инқирози бўйича сиёсий ечим таклиф этмоқда

Файсал ибн Фарҳан.

Фото: «Saudi Gazette»

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал ибн Фарҳан Форс кўрфази мамлакатлари Россия ҳамда Украина ихтилофи борасида якдил фикрда эканини маълум қилди. Бу ҳақда у Риёз шаҳрида бўлиб ўтган  Кўрфаз мамлакатлари ҳамкорлик кенгашининг вазирлар машваратида гапирди. 

«Бугун Россия ва Украина ташқи ишлар вазирлари билан самарали учрашув ўтказдик. Музокараларда Россия–Украина инқирози ҳамда унинг салбий оқибатлари, хусусан, мамлакатлар ҳамда бутун жаҳон озиқ-овқат хавфсизлиги борасида азият чекаётгани борасида якдил позициямизни баён этдик», – деди Саудия ташқи ишлар вазири.

Вазирлар машваратига раислик қилган Файсал ибн Фарҳан Эроннинг ядро лойиҳаси борасида Кўрфаз мамлакатларининг хавотирини ҳам изҳор этган.

«Таҳдидлар сирасида энг аввало Эрон ядро лойиҳаси, исёнчилар қуроллантирилаётгани, терроризм қўллаб-қувватланаётгани ва минтақадаги беқарорликка уринишларни қайд этиш жоиз.  Бу эса Эрон билан мулоқот ва музокаралар Кўрфаз мамлакатларининг якдил нуқтаи назарига кўра бўлмоғи лозимлигини яна бир карра тасдиқлайди», – деди Саудия бош дипломати.

Вазир халқаро ҳуқуқ устуворлиги ва яхши қўшничилик асосида минтақада тинчлик-осойишталикни сақлаш лозимлигини  урғулаган.  

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Файсал бин Фарҳан 31 май куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувда ҳам Украина инқирозини муҳокама қилган. Саудия томони Украина инқирозини сиёсий йўл билан ечиш муҳимлигини таъкидлаб, бу борада кўмак беришга шайлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ҳам жорий йил март ойида Россия президенти Владимир Путин билан мулоқотда Москва ва Киев ўртасида воситачилик таклиф қилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг