Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ШҲТ саммити: Хитойдан Ғарбга жиддий чақириқ (фото)

ШҲТ саммити: Хитойдан Ғарбга жиддий чақириқ (фото)

Фото: CFP

Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитини бутун дунё диққат билан кузатди. Йигирмадан зиёд давлат раҳбари қатнашган олий даражадаги машваратда кўплаб муҳим масалалар қатори Ғарб модели асосида шаклланган глобал бошқарувга муқобил равишда янги умумжаҳон бошқарув усулини жорий этиш таклиф қилинди.

Тадбир мезбони – Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувда ШҲТ давлатлари Ғарб тартиб-низомига муқобил йўл таклиф этиши мумкинлигини таъкидлади.

“Мен глобал бошқарув ташаббусини таклиф этмоқчиман. Бунинг доирасида биз барча давлатлар билан ҳамкорликда адолатли ва оқилона глобал бошқарув тизимини жорий этиш, инсониятнинг муштарак тақдири ҳамжамиятини барпо этиш йўлида елкама-елка туришга тайёрмиз”, – деди Хитой раҳбари.

Расмий Пекин таклиф этаётган янги глобал бошқарув суверен тенглик, халқаро ҳуқуқ меъёрларига риоя этиш, кўптомонлама сиёсий курс, инсонларга йўналтирилган ёндашув ва реал хатти-ҳаракатларга таяниш каби тамойилларга асосланади.

“Айрим мамлакатларнинг ички тартибини бошқаларга зўрлаб киритиши тўғри эмас... Биз гегемонликка қарши аниқ позицияни эгаллашимиз ва чинакам кўптомонлама ёндашув сиёсатини амалга татбиқ этишимиз керак”, – деди Си Цзиньпин.

Фото: AFP

Таҳлилчи Денис Денисовнинг фикрича, ШҲТ саммити кўпқутблилик томон ташланган қадам ҳисобланади. Қолаверса, Тяньцзинь учрашувлари АҚШ томонидан глобал миқёсда олиб борилаётган иқтисодий босим сиёсатига жавоб қайтариш имконини тақдим этмоқда.

“Бугун нафақат АҚШ, балки бошқа йирик савдо-иқтисодий ҳамкорлар ва муҳим глобал ўйинчиларга қарши чора-тадбирларни ишлаб чиқиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўйлайманки, (ШҲТ саммитида) ушбу мақсадга эришилмоқда, ҳеч бўлмаса, бу борада келгуси қадамлар белгилаб олинмоқда”, – дейди Д.Денисов.

Россия президенти Владимир Путин Хитой раҳбарининг ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда, ШҲТ ўз тўлов-ҳисоб тизимини жорий этиши зарурлигини айтган. Таҳлилчилар ШҲТ маконида муқобил тўлов тизими ва ягона валюта таклифи рўёбга чиқса, долларнинг глобал мавқеини заифлаштириши мумкин, деб ҳисоблайди.

Тяньцзин шаҳридаги саммит якунида, 1 сентябрь куни ШҲТ декларацияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда ташкилот доирасида ҳарбий, энергетика, транспорт йўналишларида ҳамкорликни кучайтириш, сунъий интеллект хавфсизлиги бўйича алоқаларни жонлантириш белгиланган.

ШҲТ давлатлари, шунингдек, БМТни замонавий сиёсий, иқтисодий ҳолатга мослаштириш мақсадида тегишли ислоҳотлар ўтказиш заруратига ҳам тўхталган. Қолаверса, Ғазо секторида тинч аҳоли орасида кўп сонли қурбонлар бўлаётгани ва юзага келган гуманитар фалокат юзасидан чуқур хавотир изҳор этилган.

DW нашри Тяньцзин декларациясда Украина уруши эсга олинмаганига эътибор қаратган.

Хитой, Россия ва Ҳиндистон раҳбарлари учрашуви DW талқинида.

Украина ташқи ишлар вазирлиги “Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европадаги йирик босқинчилик уруши ушбу муҳим, фундаментал ҳужжатда” акс этмагани юзасидан таажжуб билдирган.

DW’га кўра, ШҲТ саммитида нутқ сўзлаган президент Путин Украинага ҳужум борасида Россия пропагандаси қарашларини яна бир карра такрорлаган.

Аввал хабар берганимиздек, 1 сентябрь куни ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида нутқ сўзлаган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТ маконида умумий тараққиёт ва равнаққа эришиш бўйича бир қатор амалий таклифларни илгари сурди.

“ШҲТ плюс” форматидаги мажлисда эса Ш.Мирзиёев Хитой раҳбари илгари сурган глобал бошқарув бўйича ташаббусни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

2001 йил 15 июнда Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон томонидан таъсис этилган ШҲТ кейинги йилларда кенгайиб бормоқда. Айни пайтда ташкилот аъзолари сони 10 тагача етган, яна 14 давлат ҳамкор ҳисобланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг