Трамп Нетаняҳуга “адвокатлик” қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил президенти Ицхак Герцогни коррупцияга оид жиноятларда айбланаётган бош вазир Бинямин Нетаняҳуни афв қилишга чақирди. Бу ҳақда у Исроил парламентида (Кнессет) душанба куни қилган чиқишида гапирган.
Мамлакат қонунчилигига кўра, Нетаняҳу суд томонидан айбдор деб топилса, президент уни афв этиш ваколатига эга.
“Менда шундай фикр бор. Жаноб президент, нега уни афв этиш мумкин эмас экан?! Афв этинг уни... Бу мантиқан тўғри бўлади. Сизга ёқадими-йўқми, бу уруш даврининг буюк етакчиларидан бири... Cигара ва шампан виноси, жин урсин, кимга ҳам қизиқ экан?!” – деган Трамп Нетаняҳуни жиноий жазодан халос этишга даъват этаркан.
Бинямин Нетаняҳу порахўрлик, фирибгарлик ва ваколатни суиистеъмол қилишда айбланмоқда. У жиноят ишида айбланувчи сифатида жалб этилган илк амалдаги ҳукумат раҳбари саналади.
Аслида, унга қарши жиноят иши 2019 йилда қўзғатилган. Аммо яҳудий давлати ҳамда ҲАМАС ўртасидаги уруш сабаб маҳкама жараёни ортга сурилганди.
Тергов идорасига кўра, Нетаняҳу миллиардер ва кинопродюсер Арнон Мильчандан унинг тижорий ишларига кўмак бериш эвазига бир неча ўн минг долларлик совғалар олган.
Бундан ташқари, у Walla янгиликлар сайтига эгалик қилувчи Bezeq телекоммуникация ширкатига 475 минг евролик тартибга солиш хизматини тақдим этган. Прокурорлар қайдича, бунинг эвазига ширкатга қарашли ОАВ Нетаняҳу ва унинг хотини ҳақида мақтов руҳидаги материаллар эълон қилган.
Бош вазир “Yedioth Ahronoth” нашри билан ҳам шундай муносабатга киришишда айбланмоқда.
Нетаняҳунинг ўзи айбловларни рад этмоқда.
Ҳозирда суд жараёни давом этмоқда. Нетаняҳу муҳим давлат ишлари важидан маҳкамани бир неча марта ортга сурдирган.
Нетаняҳуни Халқаро жиноят суди ҳам оғир жиноятлар учун таъқиб қилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, 2024 йил 21 ноябрь куни Халқаро жиноят суди Ғазо секторида инсониятга қарши ва уруш жиноятлари содир этгани учун Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер берган.
Ушбу икки шахсга Ғазо секторидаги тинч аҳолини яшаш учун зарур бўлган сув, дори-дармон, озиқ-овқат, тиббий жиҳозлар, ёқилғи ва электр энергиясидан қасддан маҳрум қилиш айби ҳам илгари сурилган.
Нетаняҳу ҳибс ордерига қарамай, 2025 йил 3 апрель куни Европа Иттифоқи аъзоси бўлган Венгрияга ташриф буюрган эди. Венгрия раҳбарияти ХЖС талабига қарши боргани халқаро ҳуқуқнинг поймол этилиши деб баҳолаган.
Доналд Трамп Исроилни шартларсиз қўллаб-қувватлаб келади. Яҳудий давлати Ғазо секторида олиб борган қонли ҳарбий ҳаракатларда, шунингдек, Эронга қарши урушда Трамп маъмурияти яқиндан кўмак берди.
Трамп маъмурияти Нетаняҳуни ҳимоя қилиш учун Халқаро жиноят судига нисбатан санкция жорий этгани ҳам маълум. Инсон ҳуқуқларини байроқ қилган АҚШ томонидан глобал миқёсда адолатни таъминлашда муҳим ўрин тутиб келган ХЖСга жазо чоралари қўлланиши мисли кўрилмаган ҳолат деб баҳоланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter