Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Яқин Шарқдаги можаро Европада янги энергетика инқирозини юзага келтирмоқда

Яқин Шарқдаги можаро Европада янги энергетика инқирозини юзага келтирмоқда

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши бошлаган ҳарбий амалиётлари ортидан Европа Иттифоқи янги энергетика инқирози хавфига дуч келиши мумкин. Яқин Шарқдаги можаро жаҳон газ бозорида кескин тебранишларга сабаб бўлди.

Маълумотларга кўра, Европа учун асосий газ савдо майдончаси ҳисобланган TTF (Title Transfer Facility) да газ нархи кескин ошди. Сешанба куни бир мегаватт-соат газ нархи 54,3 еврога етди. Бу эса жума куни қайд этилган 31,9 евролик нархдан анча юқори.

Нархларнинг кескин ўсишига асосий сабаблардан бири — Қатарда суюлтирилган табиий газ (LNG) ишлаб чиқаришнинг вақтинча тўхтатилиши бўлди.  Бу қарор Эроннинг жавоб зарбалари хавфи билан изоҳланмоқда.

Қатар дунёдаги энг йирик LNG экспортчиларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, Ҳурмуз бўғозининг амалда ёпилиши ҳам энергия ташиш йўлларига таҳдид солмоқда.

Европа давлатлари вазиятни яқиндан кузатмоқда. Нидерландия бош вазири Роб Йеттен ҳукумати зарур бўлса қўшимча чоралар кўришга тайёрлигини билдирди.

«Эрондаги уруш нафақат Европа, балки Осиёдаги стратегик захираларга ҳам таъсир қилиши мумкин», – деди у Брюсселга ташрифи чоғида.

Испания бош вазири Педро Санчес эса ҳукумати аҳоли ва бизнесни қўллаб-қувватлаш учун турли сценарийларни кўриб чиқаётганини маълум қилди.

Франция президенти Эммануэль Макрон халқаро коалиция тузиб, Ҳурмуз бўғози, Сувайш канали ва Қизил денгиздаги денгиз йўлларини ҳимоя қилиш ташаббусини илгари сурди.

«Бу уруш нефть ва газ нархлари ҳамда халқаро савдога жиддий таъсир кўрсатмоқда», – деди Макрон.

Брюсселдаги расмийлар Европа ҳозирча газ таъминоти бўйича барқарор ҳолатда эканини таъкидламоқда. Ҳозирда Европа импорт қилаётган LNGнинг 58 фоизи АҚШдан, Қатар ҳиссаси эса 8 фоиз атрофида.

Бироқ Эрон билан можаро узоқ давом этса, Осиё давлатлари — Хитой, Жанубий Корея, Япония ва Ҳиндистон — АҚШ гази учун Европа билан рақобатга кириши мумкин. Бу эса газ нархларини янада ошириши эҳтимолдан холи эмас.

Ҳозирги вазият 2022 йилда Россия газ таъминотини қисқартирганидан кейин Европа дуч келган энергетика инқирозини эслатмоқда. Ўша пайтда TTF майдончасида газ нархи бир пайтнинг ўзида 348 евро/МВт·соатгача кўтарилган эди.

Шундан кейин Европа LNG терминалларини кўпайтирди, газ истеъмолини қисқартирди ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтиришга киришди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг