Пойтахтда инспекторни BMW машинаси уриб юборди
Тунда Тошкент шаҳрининг Нукус кўчасида BMW ҳайдовчиси ЙҲХ инспекторини уриб кетган. Бу ҳақда расмий маълумот берилмагани кўпчиликни хавотирга солмоқда
Ижтимоий тармоқларда тарқаган маълумот ва видео кадрларга кўра, йўл-транспорт ҳодисасида BMW M4 Competition автомобили иштирок этган. Маълумотларга кўра, автомобилни вояга етмаган шахс бошқарган.
Кадрларда ҳайдовчи тезлик билан ён йўлакка ўтаётгани, вазиятни баҳоламай, хавфли ҳаракат қилгани ҳамда оғир ЙТҲ содир этгани акс этган.
Хабарларга кўра, жабрланган инспектор оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.
Эътиборлиси, шунча вақт ўтса ҳам на ҳодиса ҳақида, на инспекторнинг саломатлиги тўғрисида расмий маълумотлар берилмади. Бу кўпчиликда саволларни келтириб чиқаряпти. У кимнингдир “эркатойи” бўлиши мумкин, деган тахминлар ҳам янграмоқда.
Айтишларича, аввал ҳам ушбу автомашинанинг турли қоидабузарликларни содир этгани тасвирланган видеолар тарқалган.
Пойтахтда тунда пойга уюштираётган “эркатой”лар эса кўпаймоқда. Бугун қонунни бузиб, “бошқа одам 15 суткага қамаладиган нарсага биз арзимас жарима билан қутулдик”, деб “танкаси” кучли эканини фахр билан гапирган “эркатой”ларнинг видеоси ҳам чиқди.
Ушбу сўзлар қўпол қоидабузарликлар жазосиз қолаётгани, бу эса бутун жамият учун хавфли сигнал эканини билдиради.
Жазо муқаррарлиги таъминланмас экан, йўлларимизда пиёдалар, болалар, инспекторлар бу машиналар остида қолиб кетаверишади.
Қонун ҳамма учун баробар бўлиши керак!


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter