Шавкат Мирзиёев МДҲ миллий таомлари фестивалида (фото)
Туркманистоннинг «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари миллий таомлари фестивали ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев МДҲ давлатлари делегациялари раҳбарлари билан биргаликда иштирок этди.
Фестивалда Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистоннинг бой пазандачилик мероси намойиш этилди. Турли халқларнинг миллий таомлари, қадимий ошпазлик анъаналари ва меҳмондўстлик маданияти бир майдонда намоён бўлди.
Ўзбекистон миллий экспозициясида мамлакатимизнинг турли ҳудудларига хос нон ва пишириқлар, қандолат маҳсулотлари, қуритилган мевалар ҳамда миллий таомлар кенг намойиш этилди. Меҳмонларга ўзбек новвойлигининг кўп асрлик анъаналари ҳақида маълумот берилди.
Ўзбек ошпазлари сомсанинг турли хилларини тайёрлаш, нон ёпиш жараёнини намойиш этиш билан бирга, Хоразм миллий ошхонасига хос шивит оши ва тухумбарак каби таомларни ҳам тайёрлаб, меҳмонларга тақдим этдилар. Ўзбек паловининг турли ҳудудларга хос тайёрланиш усуллари ва миллий ошхонанинг бошқа нодир таомлари ҳам фестиваль иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон стендида миллий таомлар билан бир қаторда халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик намуналари ҳам намойиш этилди. Риштон кулолчилиги, Бухоро, Марғилон ва Самарқанд ҳунармандларининг анъанавий маҳсулотлари меҳмонларга юртимизнинг бой маданий мероси ҳақида янада кенг тасаввур берди.
Фестивал давомида ҳунармандлар нафақат тайёр маҳсулотларни, балки уларни яратишнинг анъанавий усулларини ҳам намойиш қилдилар. Миллий куй-қўшиқлар ва рақслар эса тадбирга ўзига хос байрамона муҳит бағишлади.
Ўзбекистон стенди билан танишган МДҲ давлатлари делегациялари раҳбарлари фестивалнинг бошқа миллий экспозицияларини ҳам кўздан кечирдилар. Мазкур фестивал нафақат миллий таомларни намойиш этиш, балки МДҲ халқларининг тарихий-маданий яқинлиги, анъаналари ва ўзаро ҳурматини яна бир бор намоён этишга хизмат қилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter