Урганчда BYD ҳайдовчиси учта автомашинага қасддан зарар етказди
Урганч шаҳрида BYD машинаси бошқа автомобилларга урилиб пачоқлагани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Ҳодиса юзасидан вилоят ИИБ маълумот берди.
Маълум қилинишича, воқеа 4 август куни Урганч шаҳрининг «Истиқлол» маҳалласида содир бўлган. Ҳодиса 2000 йилда туғилган Ш.Б. ва 1999 йилда туғилган Х.Б. ўртасидаги келишмовчилик оқибатида юз берган.
Х.Б. ўзи бошқараётган қора рангли «BYD Chazor» автомобили билан Ш.Б.га тегишли «Cobalt» автомашинасига, шунингдек, тўхтаб турган яна бир «BYD Chazor» ва «Damas» автомобилларига қасддан шикаст етказган.
Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳат олмаган. Бироқ учта транспорт воситасига техник зарар етган.
Ички ишлар органларига «Ташвиш тугмаси» орқали келиб тушган хабардан сўнг ходимлар воқеа жойига етиб бориб, ҳайдовчининг ҳаракатларини тўхтатган ҳамда иштирокчиларни бўлимга олиб кетган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Урганч шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter