Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Йўл четига улоқтирилган ўрамдан хавфли модда топилди

Йўл четига улоқтирилган ўрамдан хавфли модда топилди

Фото: Veilclinic

Бухорода тезкор тадбир давомида «Labo» ҳайдовчиси улоқтирган ўрамдан мефедрон (синтетик гиёҳвандлик воситаси) топилди. Гумонланувчиларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати ходими Муроджон Раҳматуллаев маълум қилди.

Таъкидланишича, жорий йилнинг 6 июль санасида тунги соат тахминан 23:00 ларда Бухоро шаҳрининг Отбозор маҳалласи ҳудудида ҳаракатланиб келаётган «Labo» русумли автомашина ходимларда шубҳа уйғотган. Шу сабабли тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Ушбу жараёнда автомашина ҳайдовчиси тўхтаган жой яқинидаги йўл четига шубҳали ўрам улоқтириб юборилган.

Экспертиза хулосасига кўра, қизил рангли изолентага ўралган ушбу ўрам ичида оғирлиги қарийб, 30 грамм бўлган, оқ-оч сарғиш тусли, ўзига хос ўткир ҳидли «Мефедрон» синтетик гиёҳвандлик воситаси мавжуд экани тасдиқланган.

Тезкор-тергов ҳаракатлари давомида гумонланувчилар ушбу моддани келгусида қонунга хилоф равишда ўтказиш мақсадида сақлаб келгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Маълумот учун: Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмига мувофиқ, наркотик воситалар, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатларни содир этганлик учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг