Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Рақамли дунё харитаси: Кимлар етакчи? (инфографика)

Рақамли дунё харитаси: Кимлар етакчи? (инфографика)

Иллюстратив фото

Рақамли технологиялар бугунги кунда савдо-сотиқ ва таълимдан тортиб, давлат хизматларидан фойдаланишгача — деярли барча соҳаларга катта таъсир ўтказмоқда. Бироқ интернетга уланиш ва ундан самарали фойдаланиш имкониятлари дунё мамлакатларида кескин тафовутга эга.

Қуйидаги харитада Халқаро электр алоқа иттифоқи (ХЭАИ) томонидан 2026 йил учун эълон қилинган Ахборот-коммуникация технологиялари ривожланиши индекси (ICT Development Index, IDI) асосида тузилган дунёнинг 159 мамлакати кўрсаткичлари акс этган.

IDI индекси «оммавий ва сифатли рақамли интеграция» борасида эришилаётган ютуқларни баҳолайди. У икки йўналишга ажратилган 10 та кўрсаткични бирлаштиради: оммавий интеграция ва сифатли интеграция. Улар сирасига интернетдан фойдаланиш имконияти, тармоқ қамрови, трафик ҳажми ва хизматлар нархининг ҳамёнбоплиги киради.

Демак, ушбу рейтингда Форс кўрфази мамлакатлари қаторида, Европада энг юқори натижани Эстония (98,4 балл) қайд этди. Кейинги ўринни 98,3 балл билан Финляндия эгаллади. АҚШ 97,9 балл билан умумий рейтингда тўққизинчи ўринда ва Америка қитъаси давлатлари орасида етакчилик қилмоқда. Россия ва Хитой 94,4 балл билан 28-ўринни бўлишиб турибди.

Рейтингдаги энг юқори ўнликнинг тенг ярмини Яқин Шарқ давлатлари — Саудия Арабистони, БАА, Кувайт, Қатар ва Баҳрайн банд этган. Айниқса, Саудия Арабистони индекснинг ҳар икки йўналиши бўйича ҳам юқори натижаларни қайд этгани диққатга сазовор: оммавий интеграция — 100 балл, сифатли интеграция — 99,6 балл.

Бироқ барча араб давлатлари ҳам бундай юқори кўрсаткичларга эга эмас — минтақадаги «рақамли вазият» анча нотекис. ХЭАИ минтақа бўйича ўртача кўрсаткични 78 балл деб баҳолади, ваҳоланки, айрим мамлакатларнинг натижалари энг юқори даражадан 37 баллгача паст. Бу эса ҳатто қўшни давлатларда ҳам интернет ва бошқа алоқа хизматларининг ҳамёнбоплиги, улардан фойдаланиш даражаси ва хизматлар нархи ўзаро нечоғлиқ кескин фарқ қилиши мумкинлигини кўрсатади.

Осиё-Тинч океани минтақасидаги тафовут бундан ҳам кескинроқ. Гонконг ва Сингапур 97,9 баллдан жамғарган бўлса, Жанубий Корея 95,5 балл, Малайзия 95,3 балл тўплади. Шунинг баробарида, бу етакчилар ва минақадаги энг паст кўрсаткичга эга давлатлар ўртасидаги фарқ 62 баллгача етади.

Бундай «рақамли жарликлар» юзага келишига шаҳарлашиш даражаси, инфратузилма ҳолати ва аҳоли даромадлари каби омиллар сабаб бўлмоқда. ХЭАИнинг аввалги тадқиқотларига кўра, айниқса интернетдан фойдаланиш, мобил қурилмаларнинг оммалашуви ва кенг полосали тармоқ қулайлиги борасида ҳудудлараро фарқлар жуда катта. Электрон тижорат ривожланиб боргани сайин, рақамли интеграциядаги бундай узилишлар мамлакатларнинг рақамли савдо битимларида иштирок этишига ҳамда умумий рақамли иқтисодиётдаги ўрнига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.

Дунё бўйича IDI индексининг ўртача кўрсаткичи 79 баллни ташкил этди. 59 та мамлакат 90 дан 100 баллгача натижа қайд этган, 15 та мамлакатда бу кўрсаткич 50 баллдан ҳам паст.

Даромад даражаси ҳали-ҳануз рақамли ривожланиш билан чамбарчас боғлиқ бўлиб қолмоқда: камдаромад мамлакатларда ўртача кўрсаткич 42 баллни, юқори даромадли мамлакатларда эса 93 баллни ташкил этмоқда.

Таъкидлаш керакки, Осиё қитъаси маълумотларни қайта ишлаш марказлари (дата-марказлар) қурилиши бўйича дунёдаги энг йирик ривожланиш ўчоқларига айланмоқда. Булутли технологиялардан фойдаланиш кўламининг кенгаяётгани ҳамда сунъий интеллект тизимлари туфайли юкламаларнинг ортиб бориши рақамли инфратузилмага бўлган талабни янада кучайтирмоқда. Натижада Жануби-Шарқий Осиёнинг Малайзия, Индонезия ва Таиланд каби йирик хаблари хорижий сармояларни фаол жалб қилмоқда. Чунки соҳа операторлари Сингапур каби аллақачон шаклланиб бўлган бозорлардан ташқарига чиқиб, ўз фаолият қамровини кенгайтирмоқда.

Ушбу рейтингнинг айрим камчиликлари ҳам йўқ эмас. Масалан, у симли интернетнинг оммалашуви, тармоқ тезлиги, аҳолининг рақамли кўникмалари, шунингдек, фойдаланувчилар хавфсизлиги ва интернетдаги ҳимояланганлик даражаси каби муҳим кўрсаткичларни ҳисобга олмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг