Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухорода сомонийлар даврига оид ноёб ганч лавҳа қолдиқлари топилди

Бухорода сомонийлар даврига оид ноёб ганч лавҳа қолдиқлари топилди

Фото: Xabar.uz

Бухоро шаҳридаги Шаҳристон археологик ёдгорлигида олиб борилаётган халқаро изланишлар давомида сомонийлар даврига оид муҳим топилма аниқланди. Тадқиқотлар чоғида жоме масжиди меъморий безакларига мансуб, куфий битиклар туширилган ганч лавҳа парчалари топилди. Бухоро вилояти ҳокимлиги масъул ходимининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ушбу қазишма ишлари Ўзбекистон-АҚШ халқаро археологик экспедицияси томонидан амалга оширилмоқда.

Билдирилишича, экспедиция ишларида Ўзбекистон ва АҚШ мутахассислари билан бир қаторда, Россия ва Эрон археологлари, рассомлар, чизмачилар ҳамда «Бухоро» давлат музей-қўриқхонаси ходимлари ҳам бор.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу ганч лавҳа парчалари бизгача бутун ва соз ҳолатда етиб келган эмас. Шу боис, айни пайтда топилмани асл қиёфасида асраб қолиш, емирилишдан ҳимоялаш ва илмий қимматини йўқотмаслик мақсадида реставрация ҳамда консервация ишларига киришилди.

Фото: Xabar.uz

Экспедиция раҳбари Жамолиддин Мирзааҳмедовнинг таъкидлашича, ганч лавҳадаги куфий битиклар ва меъморий безак намуналари сомонийлар даври бадиий ҳамда меъморчилик анъаналарини ўрганишда ғоят муҳим ўрин тутади.

«Топилган ганч безаклари шунчаки археологик осориатиқа эмас, балки Бухоронинг сомонийлар давридаги меъморий ва бадиий муҳитини кўз олдимизга келтиришга хизмат қиладиган муҳим илмий манбадир. Айниқса, куфий битиклардан омон қолган парчалар ўша давр эпиграфик безак анъаналарини тадқиқ этишда қимматли маълумотлар беради», — деди Жамолиддин Мирзааҳмедов.

Тадқиқотчилар учун ушбу топилма меъморий безак, ганч ўймакорлиги ва эпиграфика (битиклар) санъатини яхлит бир мажмуада акс эттиргани билан ғоят қадрлидир. Бу эса сомонийлар даврида Бухоро меъморлик санъати ва безакчилик мактаби қай даражада юксалганини тадқиқ этиш учун янги илмий уфқларни очади.

Айни пайтда Шаҳристон археологик ёдгорлигидаги қазишмалар билан бирга, топилган ганч безакларини мустаҳкамлаш, консервация қилиш ҳамда уларни илмий жиҳатдан ҳужжатлаштириш ишлари ҳам қизғин давом этмоқда.

Мутахассислар айни пайтда топилманинг таркиби, безак услуби, битиклари ва меъморий жиҳатларини тадқиқ қилмоқдалар. Уни сомонийлар даври Бухороси тарихини ёритувчи муҳим археологик манба сифатида илмий муомалага киритишга киришилди. Бу изланишлар Бухоронинг сомонийлар даври меъморчилигини янада чуқурроқ ўрганиш билан бирга, ўша давр ганч ўймакорлиги ҳамда эпиграфик безак санъати тараққиётини таҳлил этишда мустаҳкам илмий пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг