Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон CCPI 2027 халқаро иқлим рейтингида 10 поғонага юқорилади

Ўзбекистон CCPI 2027 халқаро иқлим рейтингида 10 поғонага юқорилади

Ўзбекистон "Climate Change Performance Index" (CCPI 2027) халқаро рейтингида 43-ўринни эгаллаб, ўтган йилга нисбатан ўз позициясини 10 поғонага яхшилади. Бу мамлакатнинг ушбу рейтингдаги иштироки давомида қайд этган энг юқори натижасидир.

"Germanwatch" ва "NewClimate Institute" халқаро таҳлилий ташкилотлари томонидан тайёрланган тадқиқот натижалари 2026 йил ноябрь ойида Туркиянинг Анталия шаҳрида БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси Томонларининг 31-конференцияси (COP31) ўтказилаётган даврда эълон қилинди.

"Climate Change Performance Index" давлатларнинг иқлим ўзгаришига қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатларини мустақил баҳолашга хизмат қилувчи халқаро воситалардан биридир. Рейтинг глобал иссиқхона газлари чиқиндиларининг 90 фоиздан ортиғи тўғри келадиган мамлакатларни қамраб олади.
Баҳолаш тўртта асосий йўналиш — иссиқхона газлари ташламалари, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш, энергия истеъмоли ҳамда давлатнинг иқлим сиёсати бўйича амалга оширилади.

Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги энг яхши натижаси

Ўзбекистон CCPI рейтингига илк бор 2024 йилда киритилиб, 48-ўринни эгаллаган. 2025 йилда мамлакат 54-ўринда, 2026 йилда эса 53-ўринда қайд этилган.

CCPI 2027 натижаларига кўра, Ўзбекистон 43-ўринга кўтарилиб, рейтингда иштирок этган бутун давр мобайнида ўз позициясини энг юқори даражада яхшилаган.

Шундай қилиб, сўнгги бир йил давомида мамлакат бирданига 10 поғонага юқорилади, рейтингдаги дастлабки натижаси билан таққослаганда эса ўз позициясини 5 поғонага яхшилади.

Иқлим соҳасидаги ислоҳотларнинг халқаро эътирофи

Ўзбекистоннинг рейтингдаги позицияси яхшилангани атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, энергетикага ўтиш ва иссиқхона газлари ташламаларини қисқартириш соҳаларида кенг кўламли ислоҳотларнинг изчил амалга оширилаётгани фонида қайд этилмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатда давлат иқлим сиёсатининг янги қонунчилик ва институционал асослари шакллантирилди. Янгиланган Миллий даражада белгиланадиган ҳисса (NDC 3.0) доирасида Ўзбекистон иқлим бўйича мажбуриятларини кучайтириб, 2035 йилга қадар ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари ташламаларини 2010 йил даражасига нисбатан 50 фоизга қисқартириш мақсадини белгилади.

Шу билан бирга, қайта тикланувчи энергетика жадал суръатларда ривожлантирилмоқда, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, энергия тежовчи технологиялар ва иқлимий молиялаштиришнинг замонавий механизмлари жорий этилмоқда. Метан ташламаларини қисқартириш, саноат ва энергетика соҳаларида энергия самарадорлигини ошириш, шунингдек, иссиқхона газлари ташламаларини мониторинг қилиш, ҳисобот юритиш ва верификациядан ўтказишнинг миллий тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистоннинг CCPI 2027 рейтингидаги позициясининг яхшиланиши мамлакатда амалга оширилаётган иқлим соҳасидаги ўзгаришларнинг ижобий динамикасини акс эттирувчи муҳим халқаро кўрсаткичдир. Шу билан бирга, давлат иқлим сиёсатининг асосий мақсади халқаро рейтингдаги ўрин эмас, балки ташламаларни қисқартириш, барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш ва аҳоли ҳаёт сифатини ошириш бўйича аниқ ҳамда ўлчанадиган натижаларга эришишдан иборат.

Ўзбекистон миллий иқлим мажбуриятларини изчил амалга ошириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва паст углеродли ривожланишга инвестицияларни жалб этишни давом эттиради.

Маълумот учун, "Climate Change Performance Index" (CCPI) — "Germanwatch" ва "NewClimate Institute" томонидан халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ҳар йили эълон қилинадиган халқаро рейтинг. Унда мамлакатларнинг иқлим сиёсати самарадорлиги ҳамда иссиқхона газлари ташламаларини қисқартириш, қайта тикланувчи энергетика ва энергия истеъмоли соҳаларидаги кўрсаткичлари динамикаси баҳоланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг