Айрим тоифа туроператорларга ҳар бир сайёҳатчи учун субсидия ажратиш режалаштириляпти
2026 йил якунига қадар Туризм қўмитаси ҳузуридаги Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Малайзия ва Индонезиядан «Умра плюс» зиёрат туризми дастури асосида сайёҳларни жалб қилаётган туроператорларга ҳар бир сайёҳ учун 100 (юз) АҚШ доллари миқдорида субсидия ажратиш режа қилиняпти.
Мазкур тартибни назарда тутаётган ҳужжат лойиҳасининг асосий мақсади «Умра плюс» зиёрат туризми дастури доирасида Малайзия ва Индонезия давлатларидан Ўзбекистон Республикасига туристларни жалб этишни рағбатлантириш, туроператорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда зиёрат туризми соҳасида барқарор ўсишни таъминлашдан иборат. Лойиҳа вазифалари сифатида рағбатлантирувчи субсидиялар ажратиш механизмларини белгилаш, субсидия олиш шартлари ва мезонларини аниқлаш, туроператорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солиш, шунингдек ажратиладиган маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш назарда тутилади.
Лойиҳа билан рағбатлантирувчи субсидияларни ажратиш тартиби, уларни олиш босқичлари, аризаларни кўриб чиқиш муддатлари, ҳужжатлар рўйхати ҳамда мониторинг ва назорат механизмлари белгилаб берилади. Шунингдек, лойиҳа доирасида туроператорларнинг ҳисобот бериш мажбуриятлари, субсидия маблағларидан нотўғри фойдаланганлик учун жавобгарлик чораларини қўллаш асослари ҳамда очиқлик ва шаффофлик тамойилларини таъминлашга қаратилган асосий қоидалар мустаҳкамланади.
Туроператорларга рағбатлантирувчи субсидиялар 2026 йил 1 мартдан бошлаб 2026-йил 31 декабргача ажратилади.
Маълумот учун, «Умра плюс» зиёрат туризми дастури бу — Саудия Арабистони Подшоҳлигида умра ибодатини адо этиш билан бир қаторда, Малайзия ва Индонезия давлатларидан келган туристлар учун Ўзбекистон Республикасининг зиёрат, маданий-тарихий ва туристик объектларини қамраб олувчи саёҳат йўналишларини ташкил этишга қаратилган, туроператорлар томонидан шакллантириладиган ва амалга ошириладиган комплекс зиёрат туризми дастури ҳисобланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter