“Ўзбекистон – 2030” стратегияси ижроси устидан қатъий назорат ўрнатилади
2026 йил 20 февраль куни Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳамкорлигида янги таҳрирдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда жамоатчилик муҳокамалари якунлари, билдирилган таклифлар ва ҳужжатга киритилган асосий ўзгаришлар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев мурожаатномасига мувофиқ такомиллаштирилган стратегия лойиҳаси regulation.gov.uz ва uzbekistan2030.uz платформалари орқали кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. 2025 йил 30 декабрдан 2026 йил 28 январга қадар бўлган даврда жами 3 564 та таклиф ва фикр келиб тушган.
Маълум қилинишича, уларнинг 2 153 таси асосли, 751 таси такрорий, 340 таси маъқулловчи ва 320 таси танқидий фикрлардан иборат бўлган. Асосли таклифлар тегишли вазирлик ва идоралар билан муҳокама қилиниб, амалга ошириш имконияти мавжуд бўлганлари Стратегияга аниқ самарадорлик кўрсаткичлари (КПИ) сифатида киритилди.
Энг кўп таклифлар таълим, экология, рақамлаштириш, энергетика ва транспорт соҳаларига оид бўлган. Шунингдек, жамоатчилик билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, соҳа мутахассислари ва халқаро экспертларнинг фикр-мулоҳазалари ҳам инобатга олинган.
2026 йил 16 февраль куни “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони имзоланди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2026–2030 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди.
Стратегияда 100 та мақсад ва 437 та самарадорлик кўрсаткичи белгиланган. Ҳар бир кўрсаткичнинг молиявий манбалари аниқ кўрсатилиб, уларнинг ижроси йилма-йил режалаштирилган. Ҳужжат доирасида 60 га яқин давлат органига аниқ вазифалар юклатилган.
Эътиборлиси, Стратегия ижроси устидан қатъий назорат ўрнатилади. Вазирлик ва идоралар раҳбарларига шахсий масъулият юклатилиб, ҳар йили Давлат бюджетини шакллантириш жараёнида Стратегия кўрсаткичлари алоҳида инобатга олинади. Амалга ошириш жараёнини мувофиқлаштириш учун республика комиссияси тузилган.
Мониторинг натижалари асосида ҳар ярим йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва Республика комиссиясига ахборот тақдим этилади. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳисобот беради. Белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарган ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ходимлари рағбатлантирилиши кўзда тутилган.
Шу тариқа, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси нафақат устувор мақсадларни белгилаб берувчи дастурий ҳужжат, балки аниқ индикаторлар, молиявий таъминот ва кучли назорат механизмига эга бўлган тизимли ислоҳотлар дастури сифатида амалга оширилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter