«Ечими 15 кунлаб вақт олади» — бир йилда банкомат пул бермаслиги билан боғлиқ 290 мингта мурожаат қайд этилди
2026 йил 1 феврал ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 42 мингдан ортиқ банкомат ва инфокиоскалар ўрнатилган бўлиб, ҳар 100 минг аҳолига 55 тадан шундай қурилма тўғри келади. Таққослаш учун, Грузияда бу кўрсаткич 108 та, Россияда 105 та, Японияда 103 тани ташкил этади. Муомаладаги банк карталари сони эса қарийб 70 миллионтага етган. Бу ҳақда Сенат йиғилишида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов маълум қилди.
Сенаторнинг таъкидлашича, молиявий қулайликларнинг ортиши билан бир пайтда, банкоматлар билан боғлиқ муаммолар фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Минглаб одамлар банкоматдан пул ечиб олишдаги техник камчиликлар сабабли ҳафталаб сарсон бўлмоқда. Уларнинг муаммоларини ҳал этадиган тезкор механизмлар эса амалда жорий этилмаган. Баъзи банкоматларга тиқилган карталар ҳисобидан мижоз буйруғига кўра маблағ ечилса-да, банкомат пулни нақд шаклда бермаётгани ёки карта тиқилиб қолгани тўғрисида кўплаб мурожаатлар, жумладан, ички ишлар бўлимларига ҳам келиб тушмоқда.
Таъкидланишича, биргина 2025 йилда мамлакат бўйича аҳоли банкоматдан пул ечиб олишда 290 минг марта ана шундай нохуш ҳолатга дуч келган. Фуқаро мурожаати асосида унинг маблағларини тезкор равишда олиб бериш, саноқли дақиқаларда пластик карталарни банкомат ичидан қайтариб олишни таъминловчи сервис хизматлари йўлга қўйилмаган. Фуқароларнинг бу ҳолатлар юзасидан банкларга қилаётган мурожаатлари одатда бир иш кунидан 15 иш кунигача бўлган муддатда кўриб чиқилмоқда.
Жумладан, 2025 йилдаги 290 мингта мурожаатнинг 97 мингтаси 2-3 иш кунида, 22 мингтаси 4-6 иш кунида, 9700 таси 7-15 иш кунида, қарийб 10 мингтаси эса 15 кундан ортиқ муддатда кўриб чиқилган.
«Энди тасаввур қилинг, 500 минг сўм пулни банкоматдан чиқариб, зарур озиқ-овқат ёки дори-дармонни саноқли дақиқаларда олиши зарур бўлган инсон 15 кунгача банк олдида муаммони ечимини кутуб ўтирса, бунни қандай изоҳлаш мумкин?», — деди Қутбиддин Бурхонов.
Таъкидланишича, аксарият фуқаролар бу масала ечимини тезкор топиш учун ички ишлар бўлимига ҳам мурожаат қилишмоқда. 2024-2025 йилларда ҳамда 2026 йилнинг биринчи чораги давомида Ички ишлар вазирлигининг 102 ахборот тизимига банкоматлар фаолияти билан боғлиқ жами 3122 та мурожаат келиб тушган. Яъни, ички ишлар бўлимлари жиноятчиликни жиловлаш билан шуғулланиши керак бўлган бир пайтда, фуқаронинг банкоматда тиқилиб қолган картасини чиқариб олишга ҳам жалб этилмоқда.
Сенатор 290 мингга яқин ҳолат масъулларни ўйлантириши кераклигини айтиб ўтди.
Масаланинг ечими сифатида банкларнинг масъулиятини ошириш, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини қонун билан аниқ белгилаш, фуқароларнинг маблағларини тезкор қайтариш механизмларини жорий этиш таклиф этилди.
Марказий банк масъулларидан бу борада амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳисобот бериш сўралди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter