Бугун Тошкентда ҳарбийларнинг байроқ билан тантанали юриши бўлиб ўтади
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан 18 ноябр куни Тошкент шаҳрининг асосий кўчаларида ҳарбий бўлинмаларнинг намойишкорона пиёда юришлари ўтказилади.
Тадбирда Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия ҳарбий бўлинмалари иштирок этади.
Пиёда юришлар соат 11:00 да «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасида кўргазмали чиқишлар билан бошланади. Ҳарбийлар мажмуадан йўлга чиқиб, Сағбон ва Зарқайнар кўчалари орқали Ўзбекистон давлат табиат музейи, «Чорсу» бозори, Тошкент цирки, Ўзбекистон шоҳ кўчаси ва Фурқат кўчаси йўналиши бўйлаб ҳаракатланади. Юриш «Халқлар дўстлиги» санъат саройи майдонида якунланади.
Мазкур майдонда ҳарбий хизматчиларнинг маҳорати ва жанговар шайлигини намойиш этувчи чиқишлар ташкил этилади. Жумладан, Фахрий қоровул жамоаси ва қўл жанги усталарининг чиқишлари, ҳарбий бўлинмаларнинг жанговар чақириғи ҳамда ҳарбий оркестрнинг тантанавор дефилеси намойиш этилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter