Бухорода 40 кунлик «сафарбарлик» старт олди
Бухорода 40 кунлик «сафарбарлик» старт олди. «Обод маҳалла – обод Бухоро» шиори остидаги ободлик ҳаракатининг илк кунидаёқ, аҳоли маҳалла ободлиги учун бирлашишда катта куч эканини намоён этди. Шунга қарамасдан, бу умумий ташаббусни четдан кузатишни маъқул кўрганлар ҳам учради.
Бухоро вилоятида 516 та маҳалла мавжуд. Территориал жиҳатдан катта ва чўл ҳудудлар билан ҳам чегараланган. Минглаб кўчалар аҳоли хизматида. Турли маҳалла ва кўчалари бўйлаб кезар экансиз, беихтиёр турли манзараларга гувоҳ бўласиз. Бир манзилда замонавий, ҳашаматли бинолар, қатор-қатор аҳоли турар жойлари қад ростлаган, аммо, кўчалари тозаликка муҳтож. Бошқа бир манзилда эса оддийгина хонадонлар бўлса-да, атрофи озода, кўнгилга яқин. Яна бир жойда муқаддас қадамжолар ва мозорлар обод қилинган бўлса, бошқа ҳудудларда улар қаровсизлик ва ҳашарга муҳтож аҳволга келиб қолган.
Айрим хонадонлар олдида қимматбаҳо, сўнгги русумдаги автомобиллар саф тортиб туради. Бироқ, айтиш ўринлики, ўша хонадонлар дарвозаси олдидаги ариқлар тиқилиб ётибди, йўл четини ёввойи ўтлар босган, чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмаган, кўчалари эса узоқ вақтдан буён супурги кўрмаган. Баъзи маҳаллаларда тунги ёритиш тизими ишламайди, ичимлик суви ёки оқова тизими билан боғлиқ муаммолар одамларни қийнайди. Айримларида болалар майдончалари етарли эмаслиги, таъмирталаб аҳволга келиб қолгани ёки бундай майдончалар, умуман, йўқлигига гувоҳ бўласиз. Қайсидир ҳудудларда эски дарахтлар қуриб қолган, буталанмаган ёки янгилари ўтқазилмаган. Йўл ва пиёдалар йўлаклари талаб даражасида эмас. Бу каби ҳолатларни кузатар экансиз, фақатгина маҳалланинг ташқи кўриниши эмас, аҳолининг яшаш сифати ҳаммаҳалла муҳитига бевосита таъсир кўрсатишига амин бўласиз. Чунки, кўча тозалиги, тунги ёритиш, ичимлик суви, оқова тизими, болалар майдончалари, дарахтлар ҳолати - буларнинг барчаси бевосита аҳоли турмуш сифатига таъсир қилади.
Албатта, маҳалладаги барча муаммоларнинг ечимини биргина маҳалла раиси зиммасига юклаб бўлмайди. Бу жараёнда маҳалла раиси билан бир қаторда профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, коммунал ташкилотлар ва энг асосийси, ҳар бир фуқаро ҳам иштирок этиши керак. Шу муносабат билан Бухороо вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси ташаббуси билан Бухорода 40 кунлик сафарбарлик «старт» олди. «Обод маҳалла – обод Бухоро» шиори остидаги ушбу ободлик ҳаракатининг илк кунидаёқ, аҳоли маҳалла ободлиги учун бирлашишда катта куч эканини намоён қилди.
- Бугун барчамиз бир тану бир жон бўлиб, ободлик ишларига ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. «Обод маҳалла — обод Бухоро» шиори фақат сўзда эмас, амалимизда ҳам акс этиши лозим. Шаҳримизда чиқиндилар тўпланиб қолса, атроф-муҳитга бефарқ қарасак, бу бизга ярашмайди. Уят бўлади. Катта байрамлар арафасида ҳар бир хонадон, ҳар бир кўча, ҳар бир корхона ва ташкилот ободлик масканига айланиши зарур. Камчиликларни ўзимиз бартарф этайлик. Кексаларимиз ёшларга ўрнак бўлсин, ёшларимиз эса ташаббус билан майдонга чиқсин. Тозалик ва ободлик бор жойда файзу-барака бўлади. 40 кунлик ободлик ҳаракатини умумий мақсад ва бирдамлик асосида амалга оширайлик,-деди Бухоро ҳокими Ботир Зарипов.
Ҳаракат давомида вилоят ҳокими етакчилигида мутасадди раҳбарлар кўчама-кўча, хонадонма-хонадон ҳолат билан танишишди. Жараёнга жалб этилган махсус техникалар ҳудудлардаги ободонлаштириш ишларини жадаллаштиришга хизмат қилди. Чиқиндилар олиб чиқилди, ариқлар тозаланди, кўча ва йўлаклар тартибга келтирилди, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиниб, мавжуд муаммолар ўрганилди.
Айрим фуқаролар уй-жойи атрофини тартибга келтирмаганидан хижолат чеккан бўлса, айримлари бу “камчилик”ларини тезда бартараф этишларини билдиришди.
Айтиш жоизки, амалий сафарбарликда кўзда тутилган мақсадлар ижросини таъминлаш учун 4 та сектор жалб этилган. Ҳаракат давомида сектор кесимида ободонлаштириш ишларининг амалий ҳолати ўрганилган. Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Шерзод Ашуровнинг «Xabar.uz»га билдиришича, ижро юзасидан 4 та сектор кесимида ўтказилган ушбу таҳлилларда айрим камчиликлар ҳам қайд этилган.
4 та секторда жами 58 та ташкилотга маҳаллалар бириктирилиб, улар томонидан 53 та HOWO, 114 та ISUZI, 65 та погрузчик, 1 360 нафар ишчи ҳамда 24 та косилка жалб этилиши белгиланган. Бироқ, амалий таҳлилларга кўра, 11 та HOWO, 49 та ISUZI, 23 та погрузчик, 410 нафар ишчи жалб қилинган.

Бириктирилган маҳаллаларда ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этган ҳамда белгиланган вазифаларнинг асосий қисмини ўз вақтида бажарган Бухоро туман ҳокимлиги, Бухоро туман Автойўл, Жондор туман Автойўл, «Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ, «Халқ банки» вилоят бўлими, Ғиждувон туман Автойўл, Шофиркон туман Автойўл, Вобкент туман Автойўл, «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали, «Агробанк»нинг вилоят бошқармаси, «Микрокредитбанк» вилоят бўлими, Олот туман ҳокимлиги, Қоракўл туман ҳокимлиги, Ромитан туман Автойўл, Олот туман Автойўл, Қоракўл туман Автойўл, Когон туман Автойўл ҳамда «Алоқа банк» вилоят бўлими томонидан ишлар ижобий ташкил этилган.
Бироқ, Жондор туман ҳокимлиги, Когон шаҳар ҳокимлиги, «Ипотека банк» АТИБ вилоят филиали, Вилоят солиқ бошқармаси, «Buxoro Zarhal Teks» МЧЖ, «Qorako‘l don» МЧЖ,, «Арк Эко Текстил Кластер» МЧЖ, «Parvoz Xumo Ravnaq trans» МЧЖ, «Merganteks» МЧЖ, «Kogon don» МЧЖ, Қоровулбозор туман ҳокимлиги, Пешку туман ҳокимлиги ҳамда Қоровулбозор туман Автойўл бўлими томонидан ободлик ишлари амалга оширилмаган. Натижада мазкур ташкилотларга бириктирилган Б.Нақшбанд, Истиқлол, Фошун, С.Айний, Ёшлик, Бехиштиён, Фитрат, Зарафшон, Янгиобод, Жўбор, Фурқат, С.Шерозий ҳамда Ғиждувоний маҳаллаларида ободонлаштириш ишлари умуман бажарилмаган.

Айниқса, 2-, 3- ва 4-секторларда белгиланган 18 та косилканинг бирортаси, шунингдек, 2-секторда режалаштирилган 14 та HOWOнинг бирортаси жалб қилинмаган.
Бу, албатта, қатор идора, ташкилотларнинг сафарбарликка масъулиятсиз муносабатда бўлинганликни кўрсатади.
Айтиш жоизки, масъулият тақсимланган жойда назорат ҳам бўлиши шарт. Назорат бўлмаган жойда эса вазифалар қоғозда бажарилган, амалда эса муаммолар сақланиб қолган ҳолатларга дуч келинади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter