Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухорода «бебош» ва «учар»ларга қарши қатъий чоралар кўрилмоқда (видео)

Бухорода «бебош» ва «учар»ларга қарши қатъий чоралар кўрилмоқда (видео)

Бир қўли билан 10-11 ёшли боласини маҳкам ушлаб, етаклаган ва бир қўли билан бозор-ўчарини судрагудек бўлиб катта Халқаро автомобил йўлини кесиб ўтишга уринган аёл огоҳлантиришга улгурилмай туриб, учиб тушди.

Ўғли чаққонлик билан йўл четига югуриб қайтди. Аёл ҳам ўрнидан туришга чоғландию, қўрқувданми, қўзғала олмади. Бозор-ўчари ер билан битта бўлган аёлни туртиб юборган машина ҳайдовчиси уни чаққонлик билан йўл четига олиб чиқди.

60-70 метрча масофада туриб, эндигина ҳамкорликдаги рейдни бошлаган биз, журналистлар, бу вақтда камералар билан воқеа жойига етиб келдик.

Ўзи кесиб ўтаётган катта йўлнинг 5-6 метрча ҳам узоқликда бўлмаган жойидан пиёдалар ўтиши учун белгилаб қўйилган йўлакдан ёхуд 50 метрча узоқликда барпо этилган ерости йўлидан ўтишни истамай, ҳаётини хавфга қўйган аёл биздан оиласига салбий таъсир кўрсатиши важи билан тасвирга олмаслигимизни сўради.

«Шошиб тургандим. Хато мендан ўтди. Тан оламан. Илтимос, видеога олманглар. Шундоғам кечикканим учун  эримдан гапга қоламан. Бирор жойим жароҳат олмади, Аллоҳга шукур, ўғлим ҳам саломат. Бошқа қайтарилмайди. Сабоқ бўлди»,-деди аёл йиғлаб.

Қоидабузар пиёда йўловчилар сафидан ўрин олган аёл «бебош»лиги учун жавобгар бўлди. Ҳолат айнан рейд давомида содир бўлди.

Бухоро вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, вилоят Мажбурий ижро бошқармаси ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамкорлигида ташкил этилган рейд ҳудудда пиёдалар ва ҳайдовчилар иштирокидаги нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, шунингдек, йўл-транспорт ҳодисалари ва ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шароитлари таҳлилларига қаратилди.

Бухоро шаҳрида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қатор ерости ўтиш йўлларининг барпо этилаётгани кўплаб инсонларнинг ҳаёти хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Шунга қарамасдан, пиёда йўловчиларнинг қоидани бузган ҳолда серқатнов автомашиналар йўлининг белгиланмаган жойларидан ўтишаётгани йўл-транспорт ҳодисаларининг батамом камайиб кетмаслигига хизмат қилмоқда.

«Барчамиз истаймизми, йўқми, деярли, ҳар куни йўл ҳаракати иштирокчиларига айланамиз. Сўнгги вақтларда атрофимизда йўл-транспорт ҳодисалари ҳақидаги хабарлар шунчалик кўпайдики, агар улар яқинларимизга тааллуқли бўлмаса, эътиборга олмайдиган ҳолатга келдик. Минг афсуски, бунинг ортидан юзлаб инсонлар вафот этаётгани ёки бир умрга ногирон бўлиб қолаётгани ҳам бошқаларга дарс бўлмаяпти. Кўз олдимизда бир аёлнинг қоидабузарлиги сабаб юзага келган ҳолат, нафақат, ўзининг, вояга етмаган боласининг ҳам умрига зомин бўлиши мумкин эди. Устига-устак, бир ҳайдовчи ҳам жиноятчига айланиб қоларди. Биз, оммавий ахборот воситалари ходимлари, кенг жамоатчилик тарғиботни кучайтирмас эканмиз, нохуш воқеалар ошаверади»,—деди «Истиқлол» телевидениеси бош муҳаррири Зилола Худойқулова.

Рейд давомида йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, қўлланилган жарималарни ўз вақтида тўламасдан келаётган фуқароларга нисбатан таъсир чоралари кўрилди.  Жарималарни ундириш ишлари олиб борилди.

Қоидабузар йўловчилар ҳамда белгиланган тезликка риоя қилмай, елдек ўтаётган «учар» ҳайдовчиларнинг ҳатти-ҳаракатларини кузатар эканмиз, айримлари инспекторлар томонидан хизмат олиб борилаётганини кўра била туриб, нописанд «суриб» ўтиб кетаверишди.

«Шу ўринда айтиш лозимки, бу каби ҳуқуқбузарлар оғир турдаги жиноятларни содир этиб, одамлар ўлимига сабабчи бўлмаслигига ҳам ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шундай экан, ҳар биримиз, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишни бугунги замоннинг ўзи тақозо қилаётганлигини чуқур англашимиз лозим. «Учар» ҳайдовчиларнинг эса ҳеч бир хатти-ҳаракати уларни қонун олдида жавобгарликдан қутқара олмайди»,—дейди вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Ахборот хизмати бошлиғи капитан Улуғбек Шукурлаев.

Шу куни маъмурий жарималарни ундириш билан боғлиқ юзлаб автомашиналарнинг қарздорликларини аниқлаш ва «қочоқ» жаримадорларнинг қарзларини ундириш ишлари   таъминланди. 144 та автотранспорт воситаси жарима майдончасига  жойлаштирилиб, қидирувда бўлган 52 та автотранспорт воситалари топилди. 79 та автотранспорт воситалари давлат ижрочилари томонидан хатланди.

Бир ҳайдовчининг 5 дан ортиқ ҳуқуқбузарлик содир этиб, тўламасдан келаётгани ва рейд давомида «ҳозир жарима тўлашга кетаётган эдим» деган важи ҳам унинг «жарима майдончаси»га «йўлланма» олишига сабаб бўлди. 

Бухоро вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ катта инспектори Абдулло Жалоловнинг билдиришича, булар орасида ўн ва ундан ортиқ маротаба йўл ҳаракати қоидаларини бузган 27 нафар фуқаронинг 48 та маъмурий жарималари мавжудлиги аниқланган.  

«Қоидабузар пиёда ва ҳайдовчилар ўз ҳатти-ҳаракатлари сабаб оилавий бюджетга зарар келтирмоқда. Бу моддий зиён эса одамлар орасида: «Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари ноўрин жарималар ундиряпти» деган нотўғри талқинларнинг ошишига сабаб бўлмоқда. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилган пиёда ҳам, ҳайдовчи ҳам ҳеч қачон нотўғри жаримага  тортилмайди. Ҳар бир фуқаро, ҳар бир ҳайдовчи хавфсизлик қоидаларига амал қилса, бу билан ўзи ва ўзгаларнинг ҳам ҳаёти хавфсизлигини таъминлаган бўлади»,—деди Абдулло Жалолов.

Маълумки, Бухоро шаҳрининг ҳар бир манзилида улуғ қадамжолар ҳамда масжидлар мавжуд. Ҳар жума намози вақтида масжид ён атрофларида автомашиналар тирбандлигининг ошиши турли кўринишдаги нохуш ҳолатларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда. Ушбу манзиллардаги тирбандликларнинг ҳам олди олинмоқда. Автомашиналарнинг масжиддан 70-100 метр масофагача яқин бўлган манзилда тўхтаб туриши жаримага сабаб бўлиши ва намозхонларнинг бу қоидага қатъий амал қилишлари шартлиги таъкидланди.

«Масжид асли пиёда, лозим бўлса, оёқ кийимини ечиб кирадиган муборак жой. Жума намозларида айрим намозхонларнинг ўз автомашиналарини масжид дарвозасига тиркагудек тарзда қўйишлари бошқа одамларга кайфиятсизлик уйғотмай қўймайди. Баъзилар эса машинасини масжиднинг ёнида қолдириб, ўзи соатлаб қайсидир дўконларга кириб кетади. Йўлдан ўтаётган одамларга эса бу азият беради. Мусулмон киши бировга азият бермаслиги керак, динимиз ҳам  буни қайтаради»,—дейди Бухоро шаҳар «Хўжа Ориф Моҳитобон» жомеъ масжиди имом хатиби Азизбек Ашуров.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг