Ижтимоий хизматлар сифати ва шаффофлигини энди Ижтимоий инспекция таъминлайди
Мамлакатимизда ижтимоий иш соҳасининг ҳуқуқий асослари илк бор алоҳида ва комплекс қонун билан белгиланди. Ушбу ҳужжат аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш ва соҳага замонавий стандартларни жорий этишга қаратилган. Хўш, янги қонун билан тизимда қандай амалий ўзгаришлар юз беради?
Қонунда ижтимоий ходимлар фаолият юритадиган ва ижтимоий иш ташкил этиладиган йўналишлар аниқ белгилаб берилди:
- Тиббиёт ва таълим;
- Ижтимоий ҳимоя ва бандлик;
- Суд, ҳуқуқ-тартибот ҳамда жазони ижро этиш муассасалари.
Эндиликда кимни ва қандай тартибда «ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс ёки оила» деб топишнинг ҳуқуқий асослари мавжуд. Шунингдек, ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш, зарур ҳолларда уни тугатиш тартиб-таомиллари ҳам шаффофлаштирилди.
Ҳозирда Ўзбекистонда 1,5 мингдан ортиқ нодавлат ташкилотлар аҳолига турли ижтимоий хизмат кўрсатиб келмоқда. Янги тартибга кўра, бундай муассасалар аккредитациядан ўтказилади ва ягона Ижтимоий хизмат кўрсатувчилар реестрига киритилади. Бу кўрсатилаётган ёрдамларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Ижтимоий хизматларнинг кимга мўлжаллангани, кўлами, тақдим этиш шартлари ҳамда эришилган натижаларни баҳолаш бўйича аниқ талаблар ўрнатилди. Маълумот учун, ҳозиргача соҳада 24 та миллий ва 7 та халқаро стандарт қабул қилинган.
Илгари ижтимоий хизматлар устидан давлат назорати турли идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари ўртасида бўлинган эди. Энди эса ушбу вазифа ягона давлат органи — Ижтимоий инспекцияга топширилди. Бу соҳадаги такрорланишларнинг олдини олади ва назорат яхлитлигини таъминлайди.
Айни пайтда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида 9 мингга яқин, шунингдек, ички ишлар органлари ва нодавлат ташкилотларда ҳам кўплаб ижтимоий ходимлар меҳнат қилмоқда. Қонун билан ушбу мутахассисларнинг ҳуқуқий мақоми, вазифалари, мажбуриятлари, ижтимоий ҳимояси ҳамда уларнинг фаолиятига оид чекловлар аниқ муҳрланди.
Янги қонун Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам пойдевор бўлди. У ижтимоий хизматлар кўрсатишда шаффофликни ошириб, ҳар бир ёрдамга муҳтож фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter