Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Санжар Саид

Ҳаётда мўъжизалар содир бўлади

Мухолифатчилар кимлар?

Мухолифатчилар кимлар?

Иллюстратив сурат.

Фото: «Pinterest,com»

Америкада хизмат сафари билан юрган вақтимда ўзини мухолифатчи ёки сиёсатчи деб биладиган Исоқжон Зокиров деган одам «Месенжер» орқали қўнғироқ қилиб қолди. У киши билан Фейсбукда «дўст» эдик. Баъзида шахсий хабарлар орқали менга Ўзбекистонда очилмайдиган сайтлардан линклар жўнатиб турарди. Аввал у киши билан гаплашмаганман, кимлиги билан қизиқмаган эдим ҳам. Шунчаки, чет элда яшайдиган ўзбеклардан бири, Ўзбекистондаги жараёнларга қизиқиб, баъзида айрим хабарларни (одатда нохуш янгиликларни) дўстлари билан бўлишгиси келади, деб ўйлардим.

Хуллас, АҚШда эканимни билиши биланоқ қўнғироқ қилибди. Биринчи бўлиб берган саволи қизишган ҳолда:

– Қандай қилиб Америкага келиб қолдингиз? Ўзбекистон бир қамоқхона бўлса, сизни қандай қилиб чиқариб юборишди?, – бўлди.

– Ака, сиз қайси замондаги Ўзбекистон ҳақида гапираяпсиз?, – дея саволига савол билан жавоб қайтардим. Унинг жавоби, ўша пайтдаги важоҳатини тасвирлашим қийин. Аниқ айтишим мумкинки, Ўзбекистондаги ҳозирги ўзгаришлардан ё хабари йўқ, ёки уларни қабул қила олмайди. Унга қолса ҳамма ёмон, ҳаммаси ёмон. Унинг тасаввурида Ўзбекистон қийноқлар, азоблар мамлакатига айланган, ҳамма ўт-олов ичида яшаяпти, кун кўришга, рўшнолик кўришга мутлақо имконият йўқ.

Унга ҳозир Ўзбекистонда бутунлай бошқача муҳит эканини, хорижга чиқиш ҳужжатини ҳеч қандай тўсиқ ва қийинчиликларсиз олганимни, ҳеч ким менга қаерга кетаяпсан, деб сўрамаганини айтдим. У бўлса важоҳатидан тушмасди.

– Сиз жуда агрессив экансиз, бу ҳолатингизда сизга Ўзбекистонга виза берилмаслигини сўрардим, дедим охири. У билан ортиқ гаплашишни истамадим, лифтга чиққаним, алоқани узишимни айтиб, у билан суҳбатга чек қўйдим. Меҳмонхона хонасида уни дўстлар сафидан ўчириб, қора рўйхатга ҳам киритиб қўйдим. Шунчаки, ўзидан фақат қора энергия чиқарадиган одамлар кўнгилни хира ва ғаш қилишдан бошқага ярамагани учун овозини «ўчириб» қўйдим.

Билмадим, қандай йўл, қандай сабаблар билан Ўзбекистондан чиқиб кетган у одам. Аниғи шуки Америкада яшайди, шу мамлакатдан сиёсий бошпана олган. Сиёсий бошпана шунчаки берилмас балки: нон-туз тутганларнинг буйруқларини, буюртмаларини бажариши керакдир. Эҳтимол, шунчаки яшаб туришига имкон, шароит яратар, бошқаси билан ҳеч кимнинг иши бўлмас. Менимча иккинчи тахминим тўғрироқ. Чунки сафар давомида «Америка овози» радиоси журналисти Навбаҳор Имомова билан ўзбек мухолифатчилари тўғрисида бир оз суҳбатлашиб қолдик. Суҳбатдан чиқарган хулосам шу бўлдики, мухолифатчиларни ўзлари иддао қилганларидек Ватан, халқ, миллат тақдири қизиқтирмайди.

Улар ҳар хил гуруҳ, тоифаларга бўлиниб олиб, бир-бирининг устидан мағзава ағдариш, бир-бирини ёмонлаш, нафрат ва адоват тарқатиш билан овора бўлиб қолган. «Бирлик», «Эрк», «Ўзбекистон халқ ҳаракати» ваҳоказо гуруҳ ёки партиялар тузиб, бир-бири билан ит-мушук ўйнашади. Ҳатто бир сафар АҚШ сенаторлари уларни бир жойга йиғиб, мулоқот қилмоқчи бўлган экан. Улар катта таъсир кучига эга сиёсатчилар билан конструктив мулоқот олиб бориш ўрнига конгрессменлар кўз ўнгида жанжаллашиб, етакчилардан бири мажлис бошиданоқ чиқиб кетган экан.

Интернет орқали ҳам уларнинг бир-бирига қарши ёзган мақолаю очиқ хатларига кўзимиз тушиб туради. Уларни кузатиб мухолифатчилар Ўзбекистон, ўзбек миллати учун нима қилишмоқда, ёшларга қайси ижобий жиҳатлари билан ўрнак-намуна бўлмоқда, кимларни ўз ортидан эргаштирмоқда, деган саволларни ўзингизга беришингиз тайин. Хўш, шу вақтгача ўзбек мухолифатчиларининг борлиги нимани ўзгартирди, йўқлиги бизга қандай зарар келтирарди? Билганим улар сабабли Ўзбекистонда қанчадан-қанча ёшлар, журналистлар қамалиб кетди, қанчаси қийноққа солинди. Четдан туриб қилинган иддаолар ҳеч нарса бермади.

Хуллас тушунишим қийин, ҳазм қилишим оғир. Менинг тасаввуримда сиёсатчи, мухолифатчи ундай бўлмайди. Улар бир-бири билан овора бўлмасдан, миллат, халқ, ватан йўлида бирлашади, сиёсий иродаси, билими, тажрибаси, чет элдаги алоқаларини Ўзбекистонни ривожлантиришга йўналтиради. Улар миллат ва ватан манфаати учун аниқ таклиф ва ечимларни илгари суради; ёшлар онгини заҳарлаб, ҳар хил бўхтону пессимистик ғояларни тарғиб қилмасдан, уларни маърифатга, илмга чорлайди, мамлакатда кечаётган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ўзгаришларда шижоати, ташаббус ва ғоялари билан фаол қатнашишга ундайди.

Биз билган ва таниган мухолифат эса фақат қоралаш, ёмонлаш, ғийбат, нафратга кўмилиб қолган. Улар ортидан эргашганларни ё қамоқ, ё мусофирчилик ёки хору зорликлар кутади. Улар Ўзбекистонга келиб ҳам бирор нарсани қойиллатишига кўзим етмайди. Фақат ислоҳотларга халал бериши, ҳамма ёқни фисқу фасодга тўлдириши мумкин холос.

PS: Агар ушбу ёзганларимни бирорта мухолифатчи ўқиб жавоб қайтаришни лозим кўрса, юқоридаги мулоҳазаларимнинг тўғрилигига яна бир амин бўласиз. Улар конструктив мулоқотга лаёқатли эмас. Фақат нафрат, ҳиссиёт ва жазавани кутаверинг.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг