Отанинг ўрни...

Ишхонадаман. Хонага кўринишидан қирқ ёшлардаги бир киши кириб келди.
– Ассалому алайкум. Опа, фарзандли бўлган эдим. «Метрика» олиш учун нима қилишим керак?
– Эр-хотиннинг паспорти ва ЗАГС қоғози керак бўлади.
– Ие, ҳужжатларни олиб келмабман-ку, шундай ёзиб беравермайсизми?
– Йўғ-е, бўлмайди-да.
– Жуда узоқ вақт кетмайдими?
– Ҳужжатларни олиб келаверинг, ишингиз тезда битади.
Бирор соат ўтмай йигит яна кириб келди.
– Сиз ёзиб бўлганингиздан кейин нима қилишим керак?
– Нечанчи фарзандингизга олмоқчисиз?
– Тўртинчисига.
– Нима?.. – деб ҳайрон бўлдим мен. – Тўртинчи фарзандингиз туғилган бўлсаям сиз ҳали гувоҳнома олиш учун нималар қилишни билмайсизми?
– Ҳа, опа, чиндан билмайман, – йигит чуқур хўрсинди.
У бир оз тин олди-да, кейин гапларини давом эттирди:
– Дадамнинг ўтганларига уч ой бўлади. Ишонмайсиз, шу уч ой ичидаёқ ўринлари шунақаям билиняптики...
Йигит яна тин олди ва деди:
– Дадам ҳаётликларида бирор маротаба ҳам уйимиздаги ҳужжат ишлари билан шуғулланмаганман. Ҳатто фарзандларимга туғилганлик гувоҳномаларини дадам олиб келган эдилар. Уйда баъзи коммунал тўловларнинг борлигини билмас ҳам эканман. Рўзғор, бозор-ўчарни-ку айтмай қўяверай.
Дадам ҳали ёш, бақувват деб юраверибмиз. Ўлимни хаёлимизга ҳам келтирмаган эдик.
Энди ўйлаб кўрсам, мен дадамнинг хизматларини айтарли қилмабман ҳам. Аксинча, токи вафот этгунликларига қадар отам биз – фарзандларнинг хизматимизни қилибдилар. Менга шу армон бўлиб қолди.
Йигит сўзлашдан тўхтади, назаримда айтмоқчи бўлган гапларини айтолмади. Унинг кўзларига ёш қалқиди, сўзлари бўғзига тиқилди...
Малика Аъзамжонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter