Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаролари ID-карта билан чегарани кесиб ўтиши муҳокама қилинди

Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаролари ID-карта билан чегарани кесиб ўтиши муҳокама қилинди

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

11 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ерали Тугжанов билан учрашди.

Учрашув давомида Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ўзаро сафарларини енгиллаштириш ҳамда давлат чегараларини кесиб ўтишдаги тўсиқларни бартараф этишга оид икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, фуқароларнинг ўзаро сафарлари тартибини соддалаштириш, жумладан, давлат чегарасини ID-карталар асосида кесиб ўтиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди. Қозоғистон томонидан жорий этилаётган QazETA электрон кириш рухсатномаси тизими доирасида Ўзбекистон фуқаролари учун айрим имтиёзлар назарда тутиш имконияти алоҳида кўриб чиқилди.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларини Қозоғистонда ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлаштириш, бу борадаги шартномавий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ҳамда фуқароларнинг ҳар икки мамлакат ҳудудида бўлиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалаларига эътибор қаратилди.

Учрашув якунида томонлар мазкур йўналишларда конструктив мулоқотни давом эттириш ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини тасдиқлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг