Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бутун жаҳон меҳрибонлик куни: 43 минг долларлик синов

Бутун жаҳон меҳрибонлик куни: 43 минг долларлик синов

Фото: Сунъий интеллект

2019 йилнинг охирлари эди. Говард Кирби Мичиган штатидаги хайрия дўконларидан биридан атиги 70 долларга эски бир диван сотиб олди. Уйига арзонроқ мебел топганидан хурсанд эди. Аммо бу оддий харид унинг ҳаётида унутилмас воқеага айланишини, энг муҳими, инсонийлик ва ҳалоллик синовидан ўтишини ҳали билмасди.

Ўша пайтда Кирби оиласи билан анча қийинчиликларни бошдан кечираётганди. Уйи таъмирталаб, томидан эса шу қадар кўп чакка ўтардики, уни янгилаш жуда зарур эди, аммо бунга қурби етмасди.

Оила бир неча ҳафта давомида сотиб олинган эски дивандан фойдаланишди. Аммо диван ёстиқларидан бири доимо ғалати даражада қаттиқ ва ноқулай туюларди. Ниҳоят, Кирби бир куни бунинг сабабини аниқлашга қарор қилди: ёстиқнинг ёнини очиб, ичини кўздан кечирди. Қаради-ю ҳайратдан бир лаҳза довдираб қолди. Ёстиқ ичида эски поролон ёки синган пружиналар ўрнига 100 долларлик купюралардан иборат, яхшилаб ўраб қўйилган боғламлар бор эди.

Пул боғламларини бирма-бир санаб чиқди. Жами 43 170 доллар эди!

Томини таъмирлашга қурби етмаётган инсон учун бу пуллар бир кечада бутун ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин эди.

Кирби ҳатто нима қилиш кераклигини билиш учун юристлар билан ҳам маслаҳатлашди. Улар диванни иккинчи қўл буюмлари сотиладиган дўкондан харид қилгани сабабли, қонунан бу пулларга эгалик қилиш ҳуқуқи борлигини айтишди. Ҳеч ким ундан пулларни қайтаришни талаб қила олмасди. Аммо Кирби бу пуллар ўзиники эмаслигини яхши биларди.

У нақд пулларга қараб, ўзининг оғир аҳволини ўйлади. Сўнг бир қарорга келди: “Бу пуллар меники эмас!”

Кирби диванни сотиб олган “Инсоният учун макон” (Habitat for Humanity) ташкилотининг қайта тиклаш марказига қайтиб борди. У ердаги ходимлардан диванни дастлаб хайрия қилган оилани топишда ёрдам беришларини сўради. Изланишлар натижасида диваннинг аввалги эгалари топилди. Маълум бўлишича, у Ким Фаут Нюберри исмли аёлнинг марҳум бобосига тегишли бўлган экан. Бобо йиллар давомида жамғарган пулларини диван ёстиқлари остига яшириб келган экан. У вафот этгач, оила аъзолари уйни йиғиштириб, буюмларни хайрияга беришган. Диван бағрида йиллар давомида сақланиб келган катта жамғарма борлиги ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган.

Кирби оила билан учрашув белгилади ва топилган пулларнинг бир тийинигача эгаларига қайтариб берди.

У бу пулларни ўзида олиб қолиши ҳам мумкин эди. Ахир унинг ҳам ўз ташвишлари, ҳал этилиши керак бўлган муаммолари бор эди. Бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмаса, эҳтимол, ҳеч ким ҳеч қачон билмасди ҳам. Аммо Кирби ўз манфаатидан кўра виждони овозини устун қўйди.

Ва мана шу эзгу қарор ортидан кутилмаган воқеалар бошланди.

Кирбининг ҳалоллиги ҳақидаги хабар маҳаллий аҳоли орасида тарқалди. Одамлар унинг қилган ишидан таъсирланишди. Кейин эса унинг ўзи ҳам оғир шароитда яшаётгани, уйининг томини таъмирлашга қурби етмаётганидан хабар топишди.

Кўп ўтмай, маҳаллий том ёпиш компанияси ёрдамга келди. Улар Кирбининг шикастланган томини алмаштириш учун зарур қурилиш материаллари ва ишчи кучини бепул тақдим этишди. Қўни-қўшнилар ҳам четда қараб туришмади — унинг бошқа уй-рўзғор харажатларига кўмаклашиш мақсадида хайрия йиғими ташкил қилишди.

Шундай қилиб, Кирби ўзганинг ҳақига қўл чўзмади. Эвазига эса ўзи кутмаган меҳр-оқибат, саховат ва инсонлар ҳамдардлигига сазовор бўлди.

Аслида, бу ҳикоя эски дивандан катта бойлик топиб олиш ҳақида эмас. Бу инсон ўзиники бўлмаган нарсани олиб қолиш учун барча имкониятларга эга бўлганида қандай йўл тутиши ҳақидаги ҳикоядир. Ахир ҳеч ким Говард Кирбини кузатмаётган, ҳеч ким пулларни қайтаришга мажбурламаётганди. Ғойибдан ҳаётини енгиллаштириши мумкин бўлган катта маблағ келганди. У шунчаки ҳалолликни ўз манфаатидан устун қўйишга қарор қилди...

Зеро, инсоннинг ҳақиқий қиёфаси баъзан ҳамма уни кузатиб турганида эмас, балки ҳеч ким кўрмаётган пайтда намоён бўлади.

У.Йўлдошев тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг