Бугун Ўзбекистонда навбатдаги «Автомобилсиз кун» акцияси ўтказилади
Бугун, 10 июл куни республиканинг барча ҳудудларида навбатдаги «Автомобилсиз кун» акцияси ўтказилади.
Президентнинг «Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, ҳар ойнинг 10 ва 25 саналарида «Автомобилсиз кун» ҳамда «Автомобилсиз ҳафта» акциялари ўтказиб келинмоқда.
Мазкур ташаббус автотранспорт воситаларидан ҳавога чиқадиган зарарли ташламаларни камайтириш, экологик барқарор муҳитни шакллантириш, шунингдек, жамоат транспорти ва экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланиш маданиятини кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.
Экология қўмитасининг маълум қилишича, акция бошланганидан бери қўмита ҳамда ҳудудий бош бошқармалар ходимларининг 1730 дан ортиқ хизмат ва шахсий автотранспорт воситаларидан фойдаланиши чекланган бўлиб, атмосферага зарарли ташламалар миқдори ўртача 17 370 килограммга қисқартирилган.
Таъкидланишича, «Автомобилсиз кун» ва «Автомобилсиз ҳафта» акциялари доирасида давлат фуқаролик хизматчилари томонидан автотранспорт воситаларидан фойдаланиш жавобгарликка сабаб бўлади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter