Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Рақобат қўмитаси «Ташаббусли бюджет»га пулли овоз бериш рекламаларидан огоҳлантирди

Рақобат қўмитаси «Ташаббусли бюджет»га пулли овоз бериш рекламаларидан огоҳлантирди

Рақобат қўмитаси «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган пул эвазига овоз бериш ҳақидаги рекламаларга ишонмасликка чақирди. Қўмита бундай таклифлар амалдаги тартибга зид эканини ва фуқароларни чалғитиши мумкинлигини таъкидлади.

Қайд этилишича, «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси орқали фуқаролар ўз ҳудудидаги ижтимоий муаммоларни ҳал этиш бўйича ташаббуслар илгари суриши ва овоз беришда иштирок этиши мумкин. Бироқ овоз бериш тўлиқ ихтиёрий бўлиб, бу жараён учун ҳеч қандай тўлов ёки моддий рағбатлантириш назарда тутилмаган.

Қўмита ўрганишларида айрим машҳур блогерлар учинчи шахслар манфаати учун норасмий «бот»лар орқали маълум тўлов эвазига овоз бериш мумкинлиги ҳақида реклама тарқатгани аниқланган. Шунингдек, рекламаларда «расмий» деган сўзлар ҳамда «Ochiq budjet» портали логотипига ўхшаш белгилардан фойдаланилгани фуқароларни адаштириши мумкинлиги қайд этилди.

Рақобат қўмитасига кўра, «Ташаббусли бюджет» жараёнида овоз бериш фақат «Ochiq budjet» ахборот портали, унинг Android ва iOS мобил иловалари ҳамда Telegram'даги расмий бот орқали амалга оширилади.

Шу билан бирга, амалдаги қоидаларга мувофиқ, овоз бериш учун ҳеч қандай тўлов ундирилмайди ва овоз берган фуқароларга моддий рағбатлантириш берилмайди.

Қўмита норасмий ботлардан фойдаланиш ёки улар орқали тарқатилаётган маълумотларга ишониш жараённинг шаффофлигига салбий таъсир кўрсатиши, шунингдек, ҳуқуқий оқибатларга сабаб бўлиши мумкинлигини эслатди.

Маълум қилинишича, аввалги мониторинглар давомида пул эвазига овоз бериш мумкинлиги ҳақида реклама тарқатган бир қатор блогерлар аниқланган. Улар орасида utkir_shodmonov (Ўткир Шодмонов), Mominlive.1 (Абдурасул Иброхимов), Aslbek_emir (Амиров Асилбек) ва jasjannew (Жасур Шодиев) бор. Уларга нисбатан огоҳлантириш ва тушунтириш ишлари олиб борилган, тегишли чоралар кўрилган ҳамда қонунчилик талабларига зид рекламалар олиб ташланган.

Рақобат қўмитаси «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида мониторинглар давом эттирилишини, қонунбузилиш ҳолатлари аниқланса, ваколати доирасида тегишли чоралар кўрилишини маълум қилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг