Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Самарқанд ва Бухоро вилоятларида халқ қабулхонасига мурожаатлар камайгани қайд этилди

Самарқанд ва Бухоро вилоятларида халқ қабулхонасига мурожаатлар камайгани қайд этилди

Фото: Халқ қабулхонаси

Бухоро вилоятида Президент Халқ қабулхонаси томонидан аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича 2026 йилнинг биринчи ярим йиллик якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Қайд этилганидек, вилоят аҳолисидан Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига 2026 йил январ-июн ойларида жами 21,6 мингта мурожаат келиб тушган (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 фоизга кам).

Йиғилишда ярим йиллик якунлари муҳокама қилинди, туман-шаҳарларда мурожаатлар билан ишлаш ҳолати кенг таҳлил қилинди.

Туманларда сайёр ва шахсий қабуллар тизимли ташкил қилингани эътироф этилди.

Мажлисда барча ҳокимлар, ҳудудий давлат идоралари ва ташкилотлари раҳбарларига ушбу масалалардаги камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Шунингдек, йиғилишда ташкилий масала ҳам кўрилди. Президент Халқ қабулхонаси бошлиғи Бухоро Халқ қабулхонаси мудири ўринбосари этиб тайинланган Фируза Ибрагимовани йиғилиш иштирокчиларига таништирди.

Президент Халқ қабулхонасининг ҳудудлардаги ўрганиш ишлари давом этади. Навбатдаги манзил – Самарқанд вилояти.

Вилоят аҳолисидан Президент Халқ қабулхонасига 39,9 мингта мурожаат тушган (ўтган йил мос даврига нисбатан 8 фоизга кам).



Мурожаатлар билан ишлаш ҳолатини муҳокама қилиш мақсадида ярим йиллик якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда муаммолар билан тизимли ишлаш натижасида 16 тумандан 14 тасида мурожаатлар сони сезиларли камайгани эътироф этилди.

Шунингдек, мурожаатларни қабул қилиш ва уларни таҳлил этиш жараёнларида замонавий ахборот технологияларини кенг жорий қилиш, электрон мурожаатлар платформаси орқали шаффофлик ва тезкорликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, айрим камчиликлар ҳам санаб ўтилди. Масалан, Оқдарё, Пастдарғом ва Нуробод туманларида аввал режалаштирилган шахсий қабуллар ўтказилмай қолиб кетгани таъкидланди.



Ҳудудий давлат идоралари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ҳокимларга аҳоли мурожаатларига, айниқса, сайёр ва шахсий қабулларга жиддий ёндашиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда ташкилий масала ҳам кўрилди. Президент Халқ қабулхонаси бошлиғи Самарқанд Халқ қабулхонаси мудири ўринбосари этиб тайинланган Хуршид Очиловни йиғилиш иштирокчиларига таништирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг