Россиялик икки мулозим мигрантлар ҳақида икки хил фикр билдирди
Россия Либерал-демократик партияси раҳбари Леонид Слуцкий Россиядан хорижга йўлланган ҳар бир пул ўтказмасидан мажбурий равишда 5 фоиз миқдорида маблағ ушлаб қолишни таклиф қилди. Бу борадаги мурожаат Россия молия вазири Антон Силуановга юборилган.
«Банклар ва тўлов тизимлари уни (беш фоизлик мажбурий тўлов назарда тутилмоқда — таҳр.) автоматик равишда ушлаб қолиши ва федерал бюджетга ўтказиши лозим. Пул Россияда ишлаб топилар экан, унинг муайян улуши шу ерда қолиши ва иқтисодиётимиз ҳамда одамларимиз манфаатига хизмат қилиши керак», — деган Леонид Слуцкий.
Сиёсатчига кўра, чет эл фуқаролари Россиядан ўз ватанига катта миқдорда пул юборади, аммо ушбу амалиётлар солиқ ёки божга тортилмайди.
ТАСС нашри эслатишича, 2025 йилда Россиядан Ўзбекистонга 18,9 миллиард доллар пул юборилган.
Леонид Слуцкийнинг меҳнат муҳожирларига нисбатан тартибни қаттиқлаштиришни назарда тутувчи ушбу таклифига параллел равишда Россия ташқи ишлар вазири расмий вакили Мария Захарова буткул ўзгача оҳангда баёнот берган.
«Россия мигрантлар учун жаҳоннинг энг жозибали марказларидан бири бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Бу биздан Россия Федерациясининг миллий хавфсизлигини таъминлашга ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида ўз зиммамизга олган мажбуриятларимизга риоя этишга қаратилган самарали ва мослашувчан миграция сиёсатини амалга оширишни талаб қилади. Россия — ишлаш ёки ўқиш учун келаётган чет эл фуқаролари учун очиқдир. Қонуний яшашнинг содда, кам машаққатли ва тушунарли қоидалари яратилмоқда», — деган ТИВ воизи.
Таҳлилчиларга кўра, Мария Захарованинг дипломатик руҳдаги баёнотига қарамай, Россияда меҳнат муҳожирларига нисбатан талаблар йил сайин кучайтирилмоқда.
Жорий йил июль ойида Россия Давлат думаси меҳнат мигрантлари ва фарзандларининг мамлакатда бўлиш тартибини янада кучайтирувчи қонунлар пакетини қабул қилди.
Жорий йил февраль ойида Россия ҳукумати визасиз давлатлардан келган меҳнат мигрантлари учун иқтисодий шартларни янада кучайтиришни назарда тутувчи тартибни илгари сурди.
Россиялик юқори мартабали расмийларнинг мигрантларга кескин танқид ёғдириши ҳам одатий ҳолга айланмоқда. Жумладан, аввалроқ РФ Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин миграция сиёсатини янада қаттиқлаштириш кераклигини таъкидлаган, мамлакатдаги 13-14 миллион мигрантнинг манфаат келтиришини шубҳа остига олган эди.
Миграция агентлиги август ойида эълон қилган маълумотларга кўра, ҳозирда Россияда 834,2 минг нафар Ўзбекистон фуқароси меҳнат фаолиятини олиб бормоқда.
Россияда мигрантларга қарши риториканинг ошиши ва уруш шароитида Ўзбекистон меҳнат фаолияти учун янги бозорлар қидирмоқда, миграция оқими диверсификация қилинмоқда.
Марказий банк чоп этган 2026 йилнинг январь-июнь ойларида хориждан Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмалари таҳлили ҳам Европа Иттифоқи, АҚШ ва Буюк Британиядан маблағ юбориш кўрсаткичи ошиб бораётганидан далолат беради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter