Сенатнинг 19-ялпи мажлисида нималар кўрилиши маълум қилинди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлисида Сенатнинг ўн тўққизинчи ялпи мажлисини чақириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Кенгаш қарорига мувофиқ Олий Мажлис Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси 2026 йил 10 сентябр куни бўлиб ўтади.
Мажлисда ялпи мажлис кун тартибига киритиладиган масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини қўриқлаш ҳамда ҳимоя қилишни янада кучайтириш, Миллий гвардия фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонунлар кўриб чиқилади.
Шунингдек, Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенцияга киритилган ўзгартиришлар билан боғлиқ баённомаларни ратификация қилишга оид қонун муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри ва Томди тумани, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ ва Жарқўрғон туманлари маъмурий-ҳудудий чегараларини ўзгартиришга доир масалалар ҳам кун тартибидан ўрин олган.
Ялпи мажлисда ер ва кўчмас мулк муносабатларини тартибга солиш ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи ҳамда мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш ва никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилади.
Сенаторлар Олий Мажлис Сенати Кенгаши қарорларини тасдиқлаш масаласини ҳам кўриб чиқади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter