«Сурхон» давлат қўриқхонасида илк бор жайронлар пайдо бўлди
Сурхондарё вилоятидаги «Сурхон» давлат қўриқхонаси ҳудудида илк бор жайронлар тасвирга олинди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, 1986 йилда ташкил этилган қўриқхона ҳудудида биринчи марта жайронлар кузатилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, қўриқхонада яратилган қулай табиий шароитлар туфайли Туркманистон ҳудудидан 10 бош жайрон бу ерга кўчиб ўтган.
Жайрон сони камайиб бораётган ноёб ҳайвонлардан бири бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (IUCN)нинг Қизил рўйхатига киритилган.
Маълумотларга кўра, ХХ асрнинг биринчи ярмигача жайронлар Ўзбекистоннинг қум саҳролари ва тоғолди ҳудудларида кенг тарқалган бўлса, бугунги кунда улар фақат айрим ўзлаштирилмаган ҳудудларда сақланиб қолган.
Ҳозирда жайронлар Устюрт платоси, Қизилқум ва унга туташ ҳудудлар, Қарши чўли ҳамда Сурхондарё вилоятининг айрим қисмларида учрайди. Улар одатда гуруҳ ёки пода бўлиб яшайди ва кенг ҳудудлар бўйлаб кўчиб юради.
Маълумот учун, «Сурхон» давлат қўриқхонаси 1986 йил 8 сентябрда Шеробод туманида ташкил этилган. Қўриқхона ҳудудида 200 га яқин ҳайвон тури яшайди, улардан қарийб 30 таси Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter