Урганч–Хива йўналишида тезюрар электропоезд қатнови йўлга қўйилди
Йўловчиларга замонавий, қулай ва сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида «Урганч Аэровокзал – Хива – Урганч Аэровокзал» йўналишида Хитой компанияси томонидан ишлаб чиқарилган CR200J русумли замонавий тезюрар электропоезд қатнови йўлга қўйилди.
6 та вагондан иборат электропоезд 415 нафар йўловчига мўлжалланган бўлиб, соатига 160 километргача тезликда ҳаракатланади.
Поездда йўловчилар учун «Econom» тоифасидаги ўриндиқлар ўрнатилган. Ҳар бир ўриндиқда USB қувватлаш қурилмаси мавжуд. Шунингдек, вагонларда қулай ҳароратни таъминлаш учун иқлим назорати тизими ўрнатилган. Ногиронлиги бўлган йўловчилар учун ҳам махсус жойлар ажратилган.
7055-сонли «Урганч Аэровокзал – Хива» поезди Урганч Аэровокзалидан соат 08:40 да жўнайди. Урганч бекатига 08:59 да етиб келиб, 09:02 да ҳаракатини давом эттиради ва Хивага 09:22 да етиб боради.
7058-сонли «Хива – Урганч Аэровокзал» поезди Хивадан соат 21:00 да йўлга чиқади. Урганч бекатига 21:20 да етиб келади ва 21:23 да ҳаракатини давом эттириб, Урганч Аэровокзалига 21:42 да етиб боради.
Йўналиш бўйича чипта нархи катталар учун 25 минг сўм, болалар учун 14 минг сўм этиб белгиланган.
Чипталарни https://eticket.railway.uz электрон платформаси орқали харид қилиш мумкин.
Қўшимча маълумот учун 1005 қисқа рақамига мурожаат қилиш мумкин.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter