Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хафа бўлганлар... бу – даҳшат!

Хафа бўлганлар... бу – даҳшат!

Хафа бўлиш, ранжиш яхши эмас. Тўғри, кимдир сизга қўпол-қўрс гапириши, ҳақорат қилиши мумкин. Ҳамма гап эса кўнгилга олмасликда!

Баъзилар яқинлари, жигарлари билан маслаҳатлашмасдан, якка ўзлари қарор қабул қилишади-ю, оқибатда тушунмовчиликлар юз берса, дарров хафа бўлишади. Яъни яқинлар билан бемаслаҳат иш бошлаб қўйиб, «фалон қариндошим бор-ку, ёрдам беради» деб ишонишади. Ваҳоланки кимгадир ишониш ва суяниш учун, аввало, унинг фикрини билиш муҳим эмасми?!

«Сиз менга қандай ёрдам бера оласиз?» дейиш ўрнига, «қариндош-ку, ёрдам бериши шарт, шунга мажбур», деб хато ўйлайди. Бу меҳр-оқибатга тааллуқли ёндашув эмас. Оқибатли бўлишни истасангиз, аввало, қариндош-уруғларингиз билан маслаҳатлашинг, ўзбошимчалик қилманг. «Ўзим яхши биламан» деган сўз маънавиятнинг пастлигидан далолатдир.

Қариндошлар орасидаги икки тоифа: замонавий, ақлли ва маънавияти нисбатан пастроқ инсонлар ўртасида ҳам зиддиятлар келиб чиқиши мумкин. Қачонки, ўзаро муносабатларда меҳр-муҳаббат устун бўлса, ана шунда хафагарчилик бўлмайди. Зеро, яхши кўрган инсонингиз ҳар қандай хато, айб қилсин, уни тезда кечириб юборасиз. Юрагида муҳаббати бор одам ранжишни билмайди ва ҳамиша кечиримли бўлади. Хафа бўлиш, бу – ўзини заҳарлаш, дегани. «Беҳуда йиғлаганинг – юрагингни доғлаганинг» деб бежиз айтилмайди ўзбек халқ мақолида.

Биласизми, йиллар давомида ичга ютилган хафагарчилик бора-бора онкологик касалликка айланади.

Инсон бошқаларни хафа қилмаслик учун, аввало, ўзи ички уйғун ҳолатга эришмоғи керак. Яъни бировларнинг ортиқча гаплари, хафа қиладиган сўзларига эътибор бермасдан, фақат мақсади сари олға юриши лозим.

Мақсади аниқ бўлган одам бировни ранжитмасликка ҳаракат қилади. Ичида алам, ғазаб, гина каби салбий ҳиссиёти бор инсонлардангина дилозорлик чиқади.

Бахтинисо Азимбоева,
шифокор-руҳшунос

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг