Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ёшлар иттифоқига мурожаат! Ёшлар нашрларини қачонгача кирилл алифбосида ўқиймиз?

Ёшлар иттифоқига мурожаат! Ёшлар нашрларини қачонгача кирилл алифбосида ўқиймиз?

Фото: «uzbekiston.site»

Қандай жарангдор ном. Ёшларга умид, ишонч беришга интилаётган ва буни қайсидир маънода уддалаётган ташкилот номи бу. Ҳозир қаерга қарама, ушбу иттифоқнинг қилаётган ишларига кўзинг тушади. Бу, албатта, биз ёшларни хурсанд қилмоқда. Ортимизда шундай суянчиқ борлигини ҳис этаяпмиз. Лекин бугун ушбу иттифоқнинг бир камчилиги ҳақида гапирмоқчиман.

Ёшлар иттифоқи ким учун? Албатта, ёшлар учун. Унинг аъзолари кимлар? Албатта, ёшлар. Хўш, унда нега бу ташкилотнинг ҳамма қарор ва ҳужжатлари аъзолари савод чиқарган лотин ёзувида эмас? Иттифоқ ҳали ҳам кириллдан нега воз кеча олмаяпти? Балки бунинг объектив ва субъектив сабаблари бордир? Бу томонидан унча хабарим йўқ. Юртимизда ҳали ҳам икки ёзувлиликнинг мавжудлиги бир оғриқли нуқтамиз. Буни тушунаман, ёши катталарни ҳам ўйлаш керак.

Лекин қайсидир ташкилот тўлиғича лотин ёзувига ўтишни бошлаб бериши керак бўлса, бу албатта Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бўлиши керак. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети мана март ойидан тўлалигича лотин ёзувига ўтмоқчи. Ёшларнинг чинакам таянчи бўлган Ёшлар иттифоқи бу ишни қачонга режалаштирган?

Ҳурматли Қаҳрамон Қуронбоев! Бу ишда сизга нима ёки ким халал бермоқда? Биз қачонгача газета-журналларингизни саводимиз чиққан лотин ёзувида эмас, кирилл ёзувида ўқиймиз («Ёшлар овози» газетаси ҳам кирилл ёзувида чоп этилади)? Сиздан илтимос, ўзингиз мард бўлиб бу ишни бошлаб берсангиз-да, бошқа ташкилотларни ҳам шунга тортсангиз.

Шокир Йўлдош


Таҳририятдан. Биз ушбу мурожаатга жавоб олиш мақсадида «Ёшлар овози» газетаси бош муҳаррири Фахриддин Каримов билан боғландик. Бош муҳаррирнинг айтишича, мазкур газета республика бўйича нашр этилади. Унинг аудиториясига ёш чеклови қўйилмаган. Қолаверса, ҳозирча ҳеч қайси нашр лотин алифбосига ўтишга мажбур эмас.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг