Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мусиқа инсон фаолияти ва ҳис-туйғуларига таъсири

Мусиқа инсон фаолияти ва ҳис-туйғуларига таъсири

Мусиқа мутолаада фойда беради

Фото: «Wallpaperpond.com»

Мусиқа садоларининг инсон организмига таъсири ҳақида Гиппократ ҳам гапириб ўтган. Махсус куйлар ёрдамида қадим замонларда табиблар тутқаноқ ва бош оғриғини даволашган. Айтишларича, кор қилган экан. Умуман, ҳозир ҳам одамларга мусиқа етарлича таъсир ўтказади. Муҳими — тўғри танлов қилишда.

Ошхонада

Парҳез тутадиган инсонлар сокин ҳолатда овқатланганлари дуруст. Маълум бўлишича, мусиқа товуши иштаҳани қитиқлайди. Айниқса, жаз ва хип-хоп кўпроқ таом ейишга ундайди. Бу мусиқа жанри миянинг керакли нуқталарига таъсир ўтказиб, таомнинг янада мазали туюлишига сабаб бўлади, бу эса ортиқча калориялар қабул қилинишига олиб келади.

Классик мусиқа егуликлар борасида у қадар «мазали» таассурот қолдирмайди, аммо чўнтагингизга зарар келтириши ҳеч гап эмас, айниқса, сиз ресторан ва тамаддихонага кирган бўлсангиз. Гап шундаки, классик қўшиқлар сизни қимматроқ таомни буюртма қилишга ундайди. АҚШ олимлари ўтказган тажрибалар шундай кечди: қаҳвахонага кирган хўрандаларнинг бир қисми сокинликда, бир қисми эстрада қўшиқлари, бир қисми эса классик қўшиқлар тинглаб овқатланишди. Охирги гуруҳ вакиллари қимматга тушдилар. Айниқса, Моцарт, Шуберт, Бетховеннинг куйлари янада кўпроқ харж қилишга ундайди.

Хуллас, ким тушликни тежаш, қоматини сақлашни истаса, мусиқа танлашда эҳтиёт бўлиши керак. Бундай вазиятда сизга Вивалдининг куйлари қўл келади. Бу мусиқа очлик ҳиссини камайтиради.

Ётоқхонада

Ухлай олмаяпсизми? Унда уйқудан олдин жаз ёки фолк тингланг. Британ олимлари уйқусизликдан қийналадиган қариялар ўртасида тажриба ўтказишди. Маълум бўлишича, сукунатда ётиш тезроқ ухлашнинг энг мақбул йўли эмас экан. Агар хонада паст товушда қўйилган жаз куйлари таралаб турса сизни уйқу элита бошлайди.

Канадалик олимлар британиялик ҳамкасбларини тўла қувватлайди. Бундан ташқари, уларнинг фикрича, инсон уйқуга кетгандан сўнг ҳам мусиқани ўчирмаслик керак. Сабаби, паст мусиқа садолари одамнинг хотирасини мустаҳкамлайди. Мутахассислар шундай тест ўтказишди: уйқу вақтида одамларга бир неча хорижий куйлар қўйиб берилди. Тун бўйи мусиқа тинглаб ухлаган одамларнинг жимжитликда ухлайдиган одамларга нисбатан сўзларни эслаб қолиш қобилияти ошгани маълум бўлди.

Спорт залида

Спорт билан шуғулланиш пайтида ҳам албатта мусиқа тинглайсиз. Профессионал спортчилар мусобақалардан олдин атайин махсус мусиқаларни тинглашади. Изланишларга кўра, бу спортдаги натижаларни 12 фоизга оширар экан. Стартдан олдин паст ноталарда ёзилган куйни эшитиш айни муддао. Бас композициялар ирода кучига ишонч бағишлайди.

Машғулотлар давомида эса дақиқасига 100-120 зарбли темпдаги шошқин мусиқаларга эътибор қаратиш керак. Бундай частота юрак дукури билан уйғун бўлиб, машғулотларнинг янада самарали ўтишига ёрдам беради, чарчоқни чиқаради.

Автомобилда

Мутахассислар машина ҳайдаш чоғида мусиқани пасайтиришни маслаҳат беришади. Бу тушунарли албатта: баланд мусиқа бошқа уловларнинг сигналларини эшитишга халал беради. Салондаги шовқин автомобилни бошқаришда янглишишлар юз беришига сабаб бўлади. Машинадаги мусиқа ритми ва жанри ҳайдовчилик қобилияти кучайишига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Маълум бўлишича, ҳайдовчи қўшиқ куйласа, унинг тезлиги пасаяди ва эътибори бўлинади.

Ишхонада

Олимлар паст товушда қўйилган мусиқа ишчанликни ўртача 10 фоизга оширади ва ҳамкасбларга нисбатан хато қилиш даражасини камайтиради, дейишмоқда. Барчасига улгуриш учун классик куйлар тавсия этилади. Мантиқан фикрлашда Бетховен куйлари ёрдам беради. Муҳим маълумотларни эслаб қолишда эса Моцарт асқотади. Чарчоқдан халос бўлиш учун Чайковский ва Бах, ижодий ишларда Шопен ва Равел мусиқий асарлари тавсия этилади. Агар ишингиз доимий стрессларга сабаб бўлса, сизга Штраус валслари ёки Шостакович мусиқалари ёрдам беради. Улар асаб тизимини тинчлантиради.

Ёлғизликда

Деразадан ташқарини кузатар экансиз, плеерни олиб ёлғиз мусиқа тинглашга қарор қилсангиз, ғамгин қўшиқларни танланг. Маълум бўлишича, ғамгин садолар шўх қўшиқларга нисбатан ғам-андуҳни енгишга кўпроқ ёрдам беради. Руҳшуносларнинг айтишича, ғамгин қўшиқлар одамни тинчлантиради, руҳини енгил қилади. Маъюс куйлар негатив туйғулардан халос бўлишга кўмак беради. Улар одамнинг хавотири, хаёллари ва туйғуларини баҳолаш ва таҳлил қилишда қўл келади.

Ёдда тутинг!

Германиялик олимлар изланишларидан маълум бўлдики, турли мусиқа асбобларидан тараладиган куйлар инсон организмига турлича таъсир этаркан. Масалан:

  • арфа юрак фаолиятини яхшилайди;
  • барабан қон айланишини яхшилайди;
  • саксофон иштиёқни кучайтиради;
  • скрипка кайфиятни кўтаради;
  • орган остеохондроздаги оғриқ ҳиссини камайтиради;
  • фортепиано моддалар алмашинувини яхшилайди.

Кўриб турганингиздек, инсон ҳаётида мусиқанинг ўрни ниҳоятда кучли. Фақат танловда адашмасангиз бас. Гўзал мусиқа тингланг ва ҳаётингиз ҳам чиройли бўлсин.

Нодирабегим Иброҳимова таржимаси

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг