Ўзбекистонда «Маданий лойиҳалар миллий оператори» ташкил этилади
Президентнинг «Маданий тадбирларнинг халқаро жозибадорлигини ошириш ва соҳага замонавий бошқарувни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, Маданият вазирлиги ҳузуридаги «Халқаро фестиваллар дирекцияси» негизида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳузурида «Маданий лойиҳалар миллий оператори» давлат муассасаси ташкил этилади.
Янги муассаса халқаро ва республика миқёсидаги маданий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш билан шуғулланади. Шунингдек, унга жамоат тартибини таъминлаш, тез тиббий ёрдам ва йўл-патруль хизмати хизматларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади.
Қарорга мувофиқ, Миллий оператор томонидан ўтказиладиган маданий тадбирлар учун Ўзбекистонга олиб кириладиган ускуналар, саҳна ва техник воситалар, реквизитлар, мусиқа асбоблари, LED-экранлар, дронлар ҳамда бошқа моддий қийматликлар 2030 йил 1 январга қадар божхона божидан озод этилади.
Шунингдек, «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали 2027 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта ўтказилади. Миллий оператор фестивалга ташкилий-техник тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ижрочи оператор этиб белгиланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter