Тарихчилар эркак деб ўйлаган Британия қироли аёл бўлиб чиқди
Тарихчилар узоқ йиллар давомида эркак деб ҳисоблаб келган Британия ҳукмдори Верика аслида аёл киши бўлиб чиқди. Борнмут университети археологи Майлз Расселнинг шундай хулосага келди. Тадқиқот натижалари «Каратак: Британиянинг буюк қироли» номли янги китобда ва «Current Archaeology» журналида чоп этилди.
Верика ҳозирги Ҳэмпшир ва Ғарбий Суссекс графликлари ҳудудида яшаган атребатлар қабиласини бошқарган. Милодий 40-йиллар атрофида у ҳокимиятдан маҳрум этилгач, Римга қочиб боради ва император Клавдийдан ёрдам сўрайди. Римлик тарихчи Дион Кассийнинг ёзишича, айнан Верика императорни Британияга қўшин тортишга кўндирган.
Тадқиқотчининг таъкидлашича, аввалги олимлар XIX асрдаги патриархал қарашлар туфайли бу ҳукмдорни эркак деб тахмин қилишган. Бироқ Верика исмининг «а» ҳарфи билан тугаши ва тангалардаги тасвирлар унинг аёл эканлигидан далолат беради. «Темир даврининг бошқа британ ҳукмдорлари тангаларда жангчи эркакларни акс эттирган бир пайтда, Верика тангаларда от чоптириб кетаётган хушқомат чавандоз қиёфасида тасвирланган», — дейди у.
Яна бир далил — тангалардаги лотинча «rex» (қирол) сўзидир. Бунгача олимлар мазкур атамани фақат эркак ҳукмдорларга нисбатан ишлатилган деб ўйлашган. Аммо археологнинг тушунтиришича, бу унвон жинсни англатмаган: у аёлларга ҳам, масалан, Миср маликаси Клеопатра нисбатан ҳам қўлланилган.
Расселнинг фикрича, Верика Рим босқини учун шунчаки сабабчи эмас, балки ҳарбий кампаниянинг фаол иштирокчисига айланган. У римликларга муҳим тактик маълумотларни етказиб, оролда мустаҳкам ўрнашиб олишларига ёрдам берган. «Агар у тахтдан ағдарилмаганида ва Клавдийдан ҳарбий кўмак сўрамаганида, Рим балки Британияга ҳеч қачон бостириб кирмаган бўларди», — дея хулоса қилади тадқиқотчи.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter