Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент кластерлар олдига янги талаб қўйди

Президент кластерлар олдига янги талаб қўйди

Президент Шавкат Мирзиёев айни вақтда Фарғона вилоятидаги фаоллар йиғилишида иштирок этмоқда. Давлат раҳбари ўз нутқи давомида кластерлар олдига ўзини-ўзи энергия билан таъминлаш талаби қўйилишини билдирди.

– Бугун дунё яшил энергетикага ўтмоқда. Бу масалада ким намуна бўлиши керак? Албатта кластерлар биринчилар қаторида яшил энергияга ўтиши лозим.

Бизда Худо берган қуёш бор, йилнинг исталган вақтида нур сочиб туради. Бундан фойдаланишимиз шарт, ҳар бир кластер ўзини-ўзи энергия билан таъминлашга ўтиши керак.

Йиллар ўтади, бунга аслида кўп вақт ҳам керак эмас, 4-5 йилдан кейин сиз экспорт қилаётган маҳсулот бўйича саволлар берилади. «Бу маҳсулот қайси далада етиштирилган?» «Уни қанақа сув билан суғоргансиз?» ва энг муҳими: «Бу маҳсулотни тайёрлаш учун қанақа энергиядан фойдалангансиз, қуёш энергиясими, шамол энергиясими ёки кўмир ёқиб олинганми?» деб сўрайди. Шунга қараб маҳсулотингиз сотиб олинади.

Хозир бутун дунёда яшил иқтисодиётга, яшил энергияга эътибор кучли. Бу бизнинг келажагимиз учун керак. Биз ҳам замонга мос бўлишимиз керак, яшил энергияга ўтишимиз шарт, – деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча водий вилоятларида аҳоли учун қуёш энергиясидан фойдаланишда жозибадор тизим яратилиши ва хонадонларда ишлаб чиқарилиб, тармоққа узатилган ҳар бир киловатт соат учун 1 минг сўмдан ҳисоб-китоб қилиниши хабар қилинган эди.

Йиғилиш давомида таъкидланишича, водий кластерларининг ишлаб чиқаришдаги йиллик электр истеъмоли 620 миллион киловаттдан ошади. Кластерлар томонидан ўз эҳтиёжлари учун энергия ишлаб чиқарилган ҳолатда тежаб қолинган электр энергиясини аҳолига бериш имконияти юзага келади.

Шунингдек, кластерлар ҳам эҳтиёжидан ортиқча ишлаб чиқарган электр энергиясини хусусий шерикчилик асосида сотиши мумкин бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг