Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шерали Жўраев нега «қора рўйхат»га тушган эди?

Шерали Жўраев нега «қора рўйхат»га тушган эди?

Ўзбек санъати оғир жудоликка учради: кеча, 4 сентябрь куни Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев 77 ёшида вафот этди. Ҳофизнинг ўлими муносабати билан Ўзбекистон раҳбарияти ҳамдардлик билдирди.

Мамлакатимиз зиёлилари ҳам ижтимоий тармоқлар орқали марҳум санъаткорни илиқ хотиралар билан ёдга олмоқда.

Маданият вазири Озодбек Назарбеков Шерали Жўраевни ўзбек санъатининг сарбони», «қўшиқчилик санъатимизнинг энг ёрқин юлдузи» деб таърифлаган. «У  нафақат Ўзбекистонда, балки минтақамиздаги энг забардаст санъаткор сифатида эътироф этилган. Ўзбек миллий қўшиқчилик санъатига ҳаётини бахшида этган ҳофизнинг фавқулодда ноёб овози, ижро этган ҳар бир қўшиғи ҳар бир хонадонга, ҳар бир юракка кириб борган, қалбларни забт этган эди. Санъаткоримизнинг ўзбек тили ва адабиёти, санъатига бўлган меҳри ва садоқати ҳар бир ижросида зоҳир эди», – дейди О.Назарбеков.

Иқтисодчи, АҚШдаги Висконсин университети докторанти Беҳзод Ҳошимов марҳум ҳофизни «мустақиллигимиз ва давлатчилигимизнинг муҳим устунларидан» деб атаган.

«Биз ўзбеклар учун Шерали Жўраевнинг санъати, мамлакатимизнинг ажралмас рамзлари, байроқ, герб, мадҳия ва ош-палов устида йиғилишдек табиий ва ажралмас бўлиб қолган. Вафотларини эшитиб ўйланиб қолдим, балки шунинг учун ҳам уни бир пайтлар тақиқ қилишган эди – жуда катта одам бўлгани учун. Катта одамларни кичик одамлар чиқиштирмайди», – деб ёзади Б.Ҳошимов.

Унга кўра, ўзбек жамияти учун Абдулла Қодирий ёки Муҳаммад Юсуф қанчалик муҳим бўлган бўлса, Шерали Жўраев ҳам шунчалар муҳим.

«Буюк санъат арбобларининг бир хусусияти борки, улар қачон ҳаётимизга кириб келганини билмай яшаймиз. Улар билан замондош бўлиб қолсак ҳам, уларни худди воқеликнинг бир қисми сифатида қабул қиламиз, улар худди ҳаводек ҳаётимиз ва жамиятимизнинг ажралмас бир қисми бўлиб қолишади», – дея хулоса қилади иқтисодчи.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича, Шерали Жўраевнинг қўшиқларида ўзбек этнопсихологиясига хос фундаментал қарашлар, хусусиятлар, ғам-ғусса, армон ва орзулар жуда кучли ифодаланган.

К.Раббимов ҳам ҳофизнинг ижоди ва шахсияти бир пайтлар «қора рўйхат»да бўлганига эътибор қаратган.

«Шерали Жўраев 90-йилларнинг ўрталарида «запрет»га тушганди. Агар эътибор берсангиз, у энг сермаҳсул даврида катта концертлар бермади, у учун «Халқлар дўстлиги», «Туркистон» ёки бошқа санъат қасрларининг эшиклари доим ёпиқ эди.

(Ислом) Каримовнинг характери жуда оғир эди. У кимнидир ёмон кўриб қолса, бошқа кечирмасди, кек сақлаб юраверарди. Лекин, эшитишимча, Каримов ҳам Шерали Жўраевнинг қўшиқларини яхши кўрган. Шундай бўлса-да, уни тўлиқ кечирмаган ва саҳнага қайтармаган», – дейди сиёсатшунос.

«Ўзбек маънавий оламининг улкан бир чинори қулади! Энди Шерали ЖЎРАЕВ каби ҳодиса қачон такрорланади, билмаймиз...» – деб ёзди шоир Шодмонқул Салом.

Публицист ва шоир Алишер Назар ҳам бундай соҳир овоз эгаси яна чиқишига шубҳа билдиради.

«Сўнгги 20 йил ичида ўзбек адабиёти ва санъатининг чинаккам ШЕРлари кетди. Йилдан-йилга адабий саҳналар ғариб бўлиб бормоқда. Бугун яна бир даҳо кетибди! Шерали Жўраев ўзбек санъатининг пири эди. Санъатимиз тарихида Шерали Жўревдек халқ ичига сингиб кетган санъаткор бўлмаса керак. Бунақа сеҳрли овоз яна келармикан? Аллоҳим, Ўзинг меҳрибонлик қил!» – дейди А.Назар.

Журналист Аброр Зоҳидов маҳзун кайфиятини «Ўзбек санъати етим боладек бўзлаб, ҳувиллаб қолди мен учун...» деган қисқа сатрда ифодалади.

«Энди у янги қўшиқ куйламайди… Энди «Биринчи муҳаббатим» жонли янграмайди. Тўйларда ҳеч ким бировнинг елкасига қўл ташлаб «Дўст бўлсанг, ёнимда тур» демайди… Энди ҳаммаси ёзувларда, хотираларда қолди… Эпоха тугади. Бир давр тугади. Биз Шерали Жўраев билан замондош авлод бўлиб тарихга кирсак керак…» – дея мулоҳазалари билан бўлишди блогер Шаҳноза Соатова.

Журналист  Шарофиддин Тўлагановнинг таъкидича, атоқли ҳофиз Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига муносиб санъаткор эди.

Ўтган йили Шерали Жўраев ижодидан сара намуналар ва турли мақолалар жамланган «Бир қўшиқ куйлайки...» китоби чоп этилган эди.

«Ошиқ эдилар. Аллоҳнинг ошиғи эдилар. Кечикиб эъзозларга, унвонларга эришган бўлсалар ҳам, намозга, ибодатга кечикмаган эдилар. Хизмат чоғида намоз вақти бўлиб қолса, шарт ашулани тўхтатиб ибодатни адо этиб келганларига кўп гувоҳ бўлдик, ибрат олдик. Шундай cабоқ берувчилардан эдилар...» – дея марҳумнинг ибратли хислатини ёдга олди «Бир қўшиқ куйлайки...» китобини нашрга тайёрлаган ижодкор Мақсуд Жонихонов.

Таниқли журналист Носиржон Эркабоев Шерали  Жўраевнинг яратган қўшиқлари ўзбек миллати бор экан ўлмаслигини ёзди.

«Бу улуғ ҳофизнинг қўшиқларини қачондан бери яхши кўриб эшитишим, қачон мухлис бўлганимни эслай олмайман. Менимча эсимни таниганимдан бери, яъни 3-4 ёшларимдан бери бўлса керак. Демак, 50 йил бўлибди, ярим аср. Шу йиллар ичида унинг қўшиқларини тингламаган куним бўлмаса керак.

Болалигимда кўчамизда ўзим тенги болалар билан ҳар куни футбол, бекинмачоқ, қувлашмачоқ ўйнардик. Ўйинга тўймайдиган пайтларимиз эди. Шундай берилиб ўйнаётган пайтимизда энам раҳматли (бизда катта энани, отанинг онасини эна дейишади) - Носир болам тез кел, Шералинг айтяпти, Шералинг – деб чақириб қоларди. Мен ўйинни ташлаб уйга чопардим. Ховлимиздаги айвоннинг устунига радио осиб қўйилган бўлиб, эрта тонгдан кечгача янграб турарди. Шерали Жўраевнинг қўшиғини бирга айтардим, қўлимдан келганича албатта. Сўнг яна ўша қўшиқни ҳиргойи қилиб кўчага чопардим.

Шундан бери ярим аср ўтибди. Шу йиллар давомида бу ҳофизга, унинг қўшиқларига бўлган муҳаббатим ортиб борди. Буни сўз билан таърифлаб бўлмайди.

Аллоҳ бу ҳофизни кўришни, унинг қўшиқларини ёнларида туриб эшитишни кўп бор насиб қилди. Концертига тушдим, тўйларда кўрдим. Хулосам шуки бундай ҳофиз бошқа йўқ, бу дунёга бошқа келмайди.

Унинг мухлислари ҳам ўзига ўхшарди. Шерали Жўраев санъатга, юртига, халқига қанчалик қаттиқ меҳр берган бўлса, мухлислари Шерали Жўраевга, унинг қўшиқларига шунчалик қаттиқ меҳр берган эди. У ҳақида озгина ёмон гапирганни уришга тайёр туришарди. Бунга бир неча бор гувоҳ бўлганман.

Поччам (аммамнинг эри) тўқсонга яқинлашиб оламдан ўтди. Бир умр Шерали Жўраевга мухлис бўлди. Экранларда кўринмай, радио тўлқинларида қўшиқлари янграмай қолган пайтлар эди. Тошкентда тоғам раҳматли тўй қилди. Тўйга келган ҳофизни кўриб, кўзларига ёш келиб, бағрига босиб – Ҳидингдан аканг, исингдан аканг, нега кўринмай кетдинг – деб йиғлагани ҳали ҳам кўз ўнгимдан кетмайди. Бундай мухлислар фақат Шерали Жўраевда бор эди десам муболаға бўлмайди.

«Ўзбегим», «Кўрмишам», «Тушимда кўрсам эди», «Инсон ўзинг», «Аччиқ ҳақиқат», «Биринчи муҳаббатим», «Онагинам», «Наврўзи ажам», «Эл билса бўлди», «Аввалгиларга ўхшамас», «Бандаман», «Аста-аста», «Она Туркистон», «Куйдим» .... Бу каби қўшиқларнинг рўйхатини давом эттириш мумкин.

Хуллас шундай ўлмас қўшиқлар ижрочиси, такрорланмас санъаткор, Ўзбекистон, Тожикистон халқ артисти, Навоий номидаги халқаро мукофот соҳиби Шерали Жўраев оламдан ўтди. Аммо унинг минглаб яратган қўшиқлари ўзбек деган миллат бор экан ўлмайди, янграйверадиБуюк ҳофизимизни Аллоҳ раҳмат қилсин. Жойлари жаннатда бўлсин», –дея ёзган журналист Носиржон Эркабоев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг