Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шаҳноза Тўрахўжаева

Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил (Жалолиддин Румий)

Бу сафар жим туролмайман!

Бу сафар жим туролмайман!

«Asaxiy Books» лойиҳасини биринчилардан бўлиб қўллаган эдим. Чунки ноширликка янги ҳаво, янги овоз билан кириб келади деб ишонгандим. Аммо болалар мана иккинчи ишда ҳам қовун туширишди.

«Бир марта бўлган иш такрорланмас, аммо иккинчи марта бўлса, демак такрорланади», деган гапнинг ҳақ эканлигига кўп бор амин бўлганим учун, бу сафар жим турмайман.

«1984» — ўзбек ноширлари чоп этишга «духи етмаган» асар деб бонг урилди («Бузрукнинг кузи» каби асарларни билишмайди чоғи). Ичида хатолари кўп эди. Майли, биринчи иш деб қўйдик. Мана энди Дэн Браун.

Бу «1984»дан фарқли равишда бадиий юксак, кучли асар эмас, шунчаки детектив, сариқ китоб. Лекин сариқ китоблар ҳам яшашга ҳақли, шу сабабли бу борада эътироз билдира олмайман. «Asaxiy Books» у чегарадан бунисига сакрашни маъқул топибди деб қўяқоламан.

Китобни чоп этишда қонун меъёрлари бузилди.

Асарда бир неча очиқ саҳналар бор: ғарб китобларида одатда бунақа нарсалар бўлади. Буни оқлаш ё қоралаш менинг ишим эмас — вояга етган ҳар қандай инсонни порнография, эротика мазмунидаги ахборотдан чеклаш мумкин эмас, бу унинг ҳуқуқи. Аммо вояга етмаганлар-чи?

Китоб муқовасига 18+ белгиси қўйилиши керак эди (Ушбу мақола ижтимоий тармоққа жойланганидан кейин бу белги «Asaxiy Books» сайтида қўйилибди). Бу — «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни талаби. Уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг 848-сон қарори иловасида ахборот маҳсулотларини ёш тоифасига оид таснифлаш принциплари баён қилинган.

Қарор иловасининг 11-бандида болалар ўртасида тарқатиш тақиқланган (18+) ахборот маҳсулоти сифатида «порнографик хусусиятга эга бўлган ахборотни ўз ичига олган» ахборот ҳам санаб ўтилади. Яъни шундай ахборот тарқатилаётганда, унга ёшга доир чеклов қўйилиши керак.

Дэн Брауннинг «Asaxiy Books» лойиҳаси доирасида чоп этилган «Рақамли қалъа» китобида шу талаб бажарилмаган. Яна шу ҳолича китоб ижтимоий тармоқларда фаол реклама қилиняпти.

Кеча китобнинг ўша порнографик ахборот ташиган жойлари ижтимоий тармоққа жойланиб, бу цензурасиз, яъни эркин китоб деб тақдим этилди. Тагидаги шарҳларда эса китобни қаердан олиш мумкинлиги ҳақида маъумот берилди. 90-йиллар журналистикасининг «Хочешь успеха — добавь секса» қоидаси амалда қўлланаётгандек гўё.

Майли, бу китобни чоп этувчиларнинг ҳуқуқи, шунча пул тикиб нашр этгач, реклама қилади-да. Фақат ҳар ишнинг тартиб-қоидасига риоя этиш керак. Кимлардир бу порнография эмас, эротика деяпти. Баҳс терминлар устига кўчиши мумкин, лекин моҳият ўзгармайди.

Мен китоб бозорининг бойиши ва ранг-баранглашуви тарафдориман, ноширлик ривожланишини истайман. Аммо кечаги баҳсларда бир закий фойдаланувчи айтганидек: «булғанганидан бўш тургани афзал», яъни сифатсиз китоблар билан бозорни тўлдиргандан кўра, бозор бўш қолгани яхши.

Китобнинг тили, имло ва услубий хатолари — алоҳида мавзу! Ўзбек «ОРҚАСИ БИЛАН» йиқилмайди (орқаси билан деганда бошқа нарса назарда тутилади), ОРҚАМАЧАСИ йиқилиши мумкиндир балки. Оёқлари ЎРТАСИГА чўккаласа, қизни майиб қилади, оёқлари ОРАСИГАДИР балки...

Китоб 30 кунда чиқадиган журнал эмас. Ноширлик шунчаки бизнес ҳам эмас. Яхши филолог дегани яхши муҳаррир дегани ҳам эмас. Муҳаррир ва ношир — китобнинг тақдирига жавобгар одамлар. Шу жавобгарликни ҳис қилиш керак.

Бу китоб амалдаги қонун ва тартибларга кўра ҳам, мазмунан ҳам 18+ асар. Уни болаларингизга ўқитманг. ЎзМАА ва унинг таркибидаги «Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг маркази» (ОКСММ) бу борада ўз сўзини айтади деган умиддамиз.

Китоб ноширлари ўзларини эркин, цензурасиз китоб чоп этдик, дейишяпти. Бу ишларида уларни қўллайман. Фақат қонунларни ҳам ўрганиб қўйсинлар, ҳуқуқий маданият ҳаммага керак. Айниқса, зиё тарқатаман деганларга.

«Asaxiy Books» лойиҳасини эса жамоатчилик назоратига оламиз. Бошидан тўғри ишлашга ўргансалар, ҳаммаси яхши бўлиб кетади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг