Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

30 йил ўлим жазосини кутиб ҳам енгилмаган инсон ҳикояси

30 йил ўлим жазосини кутиб ҳам енгилмаган инсон ҳикояси

59 ёшли Энтони Рэй Хинтон қамоқхонадан чиқишда.

Фото: Marvin Gentry / Reuters

Афроамерикалик Энтони Рэй Хинтон содир этмаган жинояти учун 30 йил қамоқда ўлимини кутиб яшади. Бу вақт мобайнида у ақлдан озмади, бутун дунёни ёмон кўриб қолмади, аксинча, қамоқдаги қадрдонларини гўзалликка ошно қилиш учун адабиёт клубини ташкил этди. «Lenta.ru» қалб озодлигини ҳеч ким тортиб ололмаган инсон тақдири ҳақида ҳикоя қилмоқда.

1985 йили Американинг Алабама штатидаги Бирмингем шаҳрида «Mrs Winner's» ресторанида отишма содир бўлиб, Жон Дэвидсон исмли иш бошқарувчи ҳалок бўлди. Бу ерга бир неча бор ҳужум қилишган, Дэвидсон эса иккинчи қурбон эди. Ҳодиса жойида 38 калибрли револьвернинг ўқидан бўлак ҳеч қандай далил йўқ эди. Лекин кимнидир қўлга олиш керак. Терговчилардан бири учта жиноятдан кўра биттасини очишни маъқул кўрди ва барча ҳужумлар бир одам томонидан қилинган деган хулосага келди. Бу ерда қовурилган жўжа сотиладими, демак, бу шу атрофда онаси ёки холаси билан яшовчи қора танлининг иши деган қарорга келди.

29 ёшли Энтони қамалиш арафасида. Фото: Scribes.eu

Ушбу таърифларга ўша пайтда 29 ёшда бўлган Энтони жуда мос келди. Полициячилар унинг уйини тинтув қилиб 38 калибрли револьвер топишди. Терговни бундан уч йил аввал қора танлиларга нисбатан бешафқат муносабатда бўлганлиги боис судланган терговчи олиб борди. У Хинтонга оқ қоғоз бериб, унга имзо қўйишини айтди. Рад этгач, куч ишлатиб имзо қўйишга мажбур қилишди. Аёнки, кейинроқ ушбу қоғоздан унинг ўз жиноятини тан олганлиги ҳақидаги матн жой олди. Унинг адвокат ёллашга пули йўқ эди, энг арзон адвокат эса ишни кулгили тарзда ютқазди. Унинг ёлғон детекторидаги тўғри жавоблари ҳам, бошлиғининг жиноят пайти у иш жойида пол юваётгани ҳақидаги кўрсатмаси ҳам ҳисобга олинмади.

Ниҳоят, у ўлимга ҳукм қилинди.

Қамоқдаги бир неча йил у учун азобда ўтди. У ҳеч ким билан гаплашмас, ҳар кунни прокурор Боб Макгрегорни ўлдиришни ўйлаб ўтказарди. Унга фақатгина бир умид, суд хатоси аниқланишига бўлган умид куч берарди.

Кейинчалик у бошқа жиноятчилар билан гаплаша бошлади. Улар ҳар куни қилган жиноятларини гапириб ҳазиллашишар эди. Бироз вақт ўтгач, у аччиқ ҳаёт ҳақиқатларини тасаввур билан енгишга ўрганди. У хаёлан актриса Сандра Буллок билан турмуш қурганини, бир неча бор Буюк Британия қироличаси билан чой ичганини тасаввур қиларди.

Бир куни у бошқа дўстларига ҳам тасаввур дунёсига ғарқ бўлишни ўргатишни истади. Бунинг учун уларни адабиётга ошно қилишга қарор қилди. Секин-аста у назоратчиларни адабиёт клуби очишга, камерада иккита китоб сақлашга кўндирди ва маҳбуслар оилаларидан китоб жўнатишни сўрай бошлашди.

Орадан ўн йил ўтгач, унга омад кулиб боқди. Унинг иши адвокат Брайан Стивенсон ташкил этган «Equal Justice Initiative» ташкилоти назарига тушди. Улар қотилликда умуман бошқа қуролдан фойдаланилганини исботлай олишди. Аммо прокурор хатони тан олгиси келмасди. У экспертлар хулосасини қабул қилишдан бош тортди, судья эса бу ишни қайта кўриш ё кўрмасликни баҳолаш учун икки ярим йил сўради.

Алабамадаги барча инстанциялардан ўтилгач, юрист ишни Олий судга оширди.

2015 йилда суд Хинтонни озод қилди. Қамоқхона дарвозаси олдида уни яқинлари ва журналистлар кутиб олишди. У эса йиғлар ва шукрона айтарди. Бироз ўзига келгач эса шундай деди: «Улар бор-йўғи қуролни текшириб кўришлари керак бўлган экан».

Бир марта оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади деганларидек ҳозир Хинтон кўчага чиқаётиб имкони борича кўзга ташланишга, кузатув камераларига тушишга ҳаракат қилади ва кунда бир неча марта ҳар хил одамлар билан телефонда гаплашади.

«Менга телефон орқали қаердалигимни аниқлаш мумкинлигини айтишди. Агар мени яна бирор нимада айблашса, қўнғироқларимни текшириб кўришларини айтаман ва бу мени қамоқдан сақлаб қолади», — дейди у.

У ҳамон Сандра Буллок ва қиролича билан учрашишни орзу қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг