Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Адвокатлар бонг уради: айбловнинг оғриқли нуқтаси

Адвокатлар бонг уради: айбловнинг оғриқли нуқтаси

Фото: «Kapital.kz»

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси матбуот хизмати ва «Advokat» журнали таҳририяти ходимлари яқинда водий вилоятларида бўлиб, жойлардаги адвокатлар билан кўп ва хўп суҳбатлашган эди. Адвокатларнинг ичида кўп гаплар тўпланиб қолган экан. Мулоқот жараёнида жиддий мушоҳада юритишга арзирли қатор таклифлар ўртага ташладики, бугун уларнинг биттасин ҳукмингизга ҳавола этилади.

Гап айблов жараёнининг энг оғриқли нуқтаси ҳақида кечибди.

«Жиноят процессуал қонунчилигида айблов билан ҳимоянинг мавқеини тенглаштириш борасида муҳим бир масала бор — айблов хулосаларининг прокурор томонидан тасдиқланишини бекор қилиш керак, бу биринчи оғриқли нуқта», — дейди Андижон шаҳридаги «Андижон» адвокатлар ҳайъати адвокати Шавкатбек Абдураҳимов. Унинг айтишича, жиноят ишлари кўрилаётган суд процессларида, одатда, прокурор кириб, айблов хулосасини ўқийдию чиқиб кетади. Суд жараёнида нималар бўляпти, терговда тўпланган далилларнинг қайсилари тасдиқланаяпти, қайсилари тасдиқланмаяпти, бунга эътибор ҳам бермайди. Бу, биринчи навбатда, фуқароларнинг прокуратура органларига бўлган ишончини сўндиради.

«Суд жараёни ниҳоясига етиб, музокарага навбат келганида эса, прокурор, кутилмаганда, айбланувчига фалон модда билан мана бунча муддат сўрайман, деб ҳаммани ҳайратда қолдиради, — дейди адвокат. — Чунки, вилоят, шаҳар, туман прокурори ёки уларнинг ўринбосарлари айблов хулосасини тасдиқлаб тургандан кейин прокурорлар ундан четга чиқолмайди, хоҳлаган тақдирда ҳам. Бу оддий ҳақиқат».

Шуларни инобатга олган ҳолда адвокат айблов хулосаларини тасдиқлашни прокурорларнинг ваколатидан олиб ташлаш кераклигини тавсия этади ва шундагина айблов билан ҳимоя тенглиги таъминланишини айтади.

Унингча, бугунги ислоҳотлар жараёни, Президентимизнинг Парламентга мурожаатида айтилган кўрсатмалар ҳам бу масалага ечим топиш лозимлигини тақозо этмоқда. Қолаверса, бугун Ички ишлар вазирлиги ҳузурида тергов департаменти ташкил этилгани ҳам айблов хулосасини прокурорга тасдиқлатиш тажрибасидан воз кечиш учун шароит яратилганини кўрсатади.

«Қўшни Қирғизистон Республикасида ҳам тергов департаменти тузилиб, тергов прокуратурадан олиб қўйилди, — дейди суҳбатга қўшилиб Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Адилжон Юнусов. — Айблов хулосасини прокурор тасдиқлаган бўлса ва прокурор ёрдамчиси судда иштирок этаётган бўлса, у қандай қилиб ўзининг прокурорига қарши боради?». Юнусовнинг айтишича, бундай ҳолатда холислик йўқолади. Чунки терговда барча ҳолатлар ёритилмайди. Иш судга етиб келгандагина асл ҳолатлар кўринади (яъни ҳимоя томоннинг янги далиллари пайдо бўлади, гувоҳлар янгича кўрсатувлар бериши мумкин ва ҳоказо...). Шу боис айблов томони ҳам шу ҳолатдан келиб чиқиб, ўзининг фикрини ўзгартириши керак. Аммо айблов хулосаси прокурор томонидан тасдиқлаб қўйилган бўлса, судда иштирок этаётган ёрдамчиси унга ўзининг муқобил фикрини бера олмайди.

Ўйлаб кўришга арзирли мулоҳазаларми?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг