Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Аҳмоқона қарори уни дунёнинг энг бой одамига айлантирди. Жефф Безос ва «Amazon» тарихи

Аҳмоқона қарори уни дунёнинг энг бой одамига айлантирди. Жефф Безос ва «Amazon» тарихи

«Amazon» асосчиси, дунёнинг энг бой одами Жефф Безос.

Фото: «MarketWatch»

Бир кунда 4 миллиондан ортиқ буюртма ва 350 миллион турдаги гажетлар, кийимлар, маиший техника ва тасаввур қилиш мумкин бўлган бошқа нарсалар. Буларнинг барчаси дунёдаги энг катта савдо майдони — «Amazon»да.

2014 йилдан буён «Amazon»нинг нархи деярли икки баробарга ошди: 180 миллард доллардан 350 миллард долларга етди, унинг асосчиси Жефф Безос эса дунёнинг энг бадавлат кишиларидан бирига айланди. «Bloomberg»га ишонадиган бўлсак, унинг бойлиги 2017 йил охирларида 99,6 миллиард долларга етган (иккинчи ўринни эса «Microsoft» асосчиси Билл Гейтс 91,3 миллиард доллар билан эгаллади).

«Amazon»да биринчи китоб — дастурлаш бўйича қўлланма — 1995 йилнинг 3 апрелида сотилган.
Фото: «Fortune»

Бундан 22 йил олдин «Microsoft» ўзининг машҳурлик чўққисига чиққан эди, бироқ «Amazon» ҳақида бундай бўлишини ҳеч ким ўйламаган ҳам. Компаниянинг ҳатто номи ҳам йўқ эди, Безос эса эски эшик тахтасидан ясалган стол қаршисида ўтирганича, кимдир китобларини сотиб олишини умид қиларди... 

«Кейинчалик афсусланмаслик учун»

«Ҳақиқатда озод бўлиш учун, озгина аҳмоқ бўлиш керак», дейишади. Жефф Безос буни ўз мисолида исботлаб берган. У Уолл-Стритда ҳамда Ню-Йоркдаги етакчи фондлардан бирида вице-президент бўлиб ишлаган. Унинг ўз уйи, ҳисобида бир неча юз минг доллари бўлган. Ҳатто у баланд бўйли қорасоч қизга ҳам уйланган. Бошлиқлари ҳурмат қилган ва рақиб компаниялар уни ишга чорлаган. Бироқ Безосга буларнинг барчаси камлик қилди.

Бу ишни мен бажармасам, бошқа бирортаси амалга оширади.

Хизматда Безос интернет-бизнес бўлимига — 90-йиллардаги янги йўналиш бўлиб, АҚШда энди ривожлана бошлаган йўналишга жавобгар бўлган. У йўқ жойдан пайдо бўлиб, ўн минглаб мижозларга эга бўлган компанияларни кўриб-билиб юрарди. Жефф буни ўз раҳбари билан муҳокама қилади ва улар яқин келажакда мутлақ барча нарса сотиладиган ҳамда ҳар қандай товарни тўғри харидорнинг уйига етказиб берувчи интернет-дўконлар пайдо бўлади, деган хулосага келади. Безос буни қанчалик кўп ўйласа, шунчалик ушбу ғоя унга ёқа борган.

«Бу ишни мен бажармасам, бошқа бирортаси амалга оширади», — шундай дея Жефф Безос кунларнинг бирида ишхонасидан бош олиб кетди.

Ишдан бўшаган Жефф рафиқаси билан Сиэтлга кўчиб келди ва ўз сайти концепциясини ишлаб чиқа бошлади. Унга интервюлардан бирида бундай аҳмоқона қадамни қўйишга нима мажбурлагани ҳақида савол беришганида, Безос шундай жавоб қайтарганди: «Агар синаб кўрмасам, бутун умр афсусланиб юришимни билардим».

Исми бор эпопея

Жефф Безосда ҳар қандай маҳсулотни сотишга мўлжалланган дўконни очиш ғояси бўлган. Уни амалга оширишда эса одатдаги тўсиқлар юзаган келди: чекланган бюджет, бозорни яхши тушунмаслик ва сармоядорларнинг йўқлиги. Биринчи ҳафтадаёқ банкротликка учрамаслик учун Безос ишни оддий усулда бошлашга қарор қилди. Интернет орқали яхши сотилиши лозим бўлган товарларни 20 гуруҳга бўлиб чиқди. Унга компютер дастурлари, филмлар, мусиқалар, офис анжомлари ва бошқа маҳсулотлар кирарди.

Аммо бирламчи маҳсулот сифатида китоблар яхши сотилган — улар енгил ва етказиб бериш осон. Ахир уни ким сотиб олаётганининг аҳамияти йўқ, бунинг устига интернетдаги танлов оддий китоб дўконидагига нисбатан кўпроқ.

1994 йилда Жефф Безос Сиэтлда «Кадабра» компаниясини рўйхатдан ўтказиб, китоб сотишни йўлга қўймоқчи бўлди. Бироқ ишлари юришмади: компания номи талаффуз қилинганида cadaver сўзини («ўлик тана») эслатиб юборган. Иккинчи вариант эса «Relentless» («шафқатсиз») бўлган, бироқ бизнесменнинг дўстлари ушбу ном ҳам жуда қўрқинчли эканлигини айтган. «Relentless.cоm» манзили ҳамон Безоснинг номига расмийлаштирилган ва ушбу манзилни терсангиз сизни «Amazon.cоm» сайтига йўналтириб юборади.

Жефф яхшироқ ном топиш илинжида Оксфорд луғатини варақлаб чиқади ва «Aмазонка» сўзига дуч келади. Бу дунёдаги энг катта дарё (Безос ҳам ўз дўконини дунёда энг каттаси бўлишини ният қилган), шунингдек, «А» ҳарфидан бошланади (у вақтларда «Google» бўлмаган ва фойдаланувчилар янги сайтларни онлайн-каталоглар орқали қидирган) — барчаси битта суратда мужассам. «Amazon.cоm» 1994 йилнинг ноябрида рўйхатдан ўтказилади ва тармоқда 1995 йилда пайдо бўлади.

Бизнес-ғоямизда ўзига хос ҳеч нима йўқ. Буларнинг барачаси кўчирилган бўлиши мумкин. Аммо биласизми «McDonalds»дан ҳам бошқалар кўчиради, аммо у барибир етакчи. Бу ерда кўп нарса номга боғлиқ. Унга ишона билиш керак. Айниқса, бу реал ҳаётдан кўра онлайн оламда муҳимроқ. Ном — фойдаланувчилар сизда кўрадиган биринчи нарса.

Жефф Безос

Биринчи қадам

Сайтда биринчи китоб — дастурлаш бўйича қўлланма — 1995 йилнинг 3 апрелида сотилган. Ўша вақтда «Amazon»нинг маълумотлар базасида миллиондан ортиқ китоблар сақланган — шунчаки оқ фондаги қора матнлар. Жеффнинг ўзини бирорта ҳам китоби бўлмаган: буюртмани қабул қилган Безос уни ҳамкорликдаги оффлайн-дўконларига юборган, шундан сўнг товарни қабул қилиб олган. «Amazon»нинг Сиэтлдаги омборида атига 2 минг дона китоб сақланган — улар ҳам яқин вақт ичида мижозларга юборилиши лозим бўлганлари.

Фото: «AppleInsider»

Кейинчалик буюртмалар ҳажми ошганидан сўнг, ходимлар (Жефф бирданига 5 нафар одамни ишга ёллаган) кундузи компютерда буюртмаларни кўриб чиқиб, кечаси билан омборда маҳсулотларни фирма қутиларига жойлаштириш билан шуғулланишган.

«Amazon»нинг ишлари дўконни «Yahoo» қидирув тизимининг бош саҳифасида чиқа бошлаганидан сўнг юришиб кетди. Икки ойдан сўнг савдолар ҳажми ҳафтасига 20 минг долларгача ўсди ва Жефф мунтазам равишда янги ходимларни ёллай бошлади. Унинг орқасидан биринчи сармоядорлар ҳам пайдо бўлди, улар сайт дизайни ва серверларини яхшилашга 1 миллион доллар берган. Бу эса «Amazon»ни чиройли кўринишига олиб келиб, ресурслардан товарларнинг суратлари ҳам ўрин ола бошлаган. Шу тариқа лойиҳа муваффақиятли чиққани барчага ойдинлашди.

Ўсиш фазаси

Ўша вақтларда «Amazon»нинг бизнес-режаси жуда қизиқарли бўлган: компания барча даромадини ўзини ривожлантиришга сарфлаган. «Биз ё биринчимиз, ёки ютқаздик», — ушбу концепциядан кейинчалик «Google», ундан сўнг «Facebook» фойдаланган. Аммо 90-йилларда бу каби ёндашув янгилик ҳисобланарди ва сармоядорлар компания беш йилдан бери даромад келтирмаётганидан ташвишга тушишади.

2000 йилнинг март ойида доткомлар пуфаки ёрилиб, юзлаб интернет-компаниялар банкрот бўлганида, фақатгина «Amazon» каби компаниялар унга қарши тура олган. Акциялар нархи 107 доллардан 7 долларга тушиб кетади (ҳозирда «Amazon»нинг бир дона акцияси 800 доллардан қимматроқ туради), бироқ фирманинг «хавфсизлик ёстиқчаси» мавжуд бўлиб, ўз пулларини сарфлаш имконини берган. Инқироз вақтида онлайн-дўкон ўз рақибларини сотиб олган ва янада кенгайган.

Жефф Безос бизнеси стартида иккита финишни мўлжаллаган:

  • агарда 2000 йилга келиб компания йилига 74 миллион долларлик товарларни сотадиган бўлса, бу — яхши натижа;
  • агарда 2000 йилга келиб компания йилига 144 миллион долларлик савдоларни амалга оширса — бу муваффақият.

Аслида эса 2000 йилда «Amazon»нинг савдо ҳажми 1,6 миллиард доллардан ортиб кетди. У онлайн-бизнеслар тармоғида энг йирик иштирокчилардан бирига айланди.

Компания нафақат китоблар, балки «DVD»га ёзилган мусиқаларни ҳам сота бошлаган. Биринчи навбатда босма маҳсулотлар савдоси аудиторияни чеклаган. Иккинчидан эса, «Amazon» ўша вақтда Безос ўз фирмасини «дунёдаги энг йирик китоб дўкони» дея атагани учун таниқли китоб дўконлари билан судлашиб юрган. «Amazon» бошқалардан кўра кўпроқ босма маҳсулотларни сотишига ҳеч кимда шубҳа бўлмаган, бироқ юристлар «дўкон» сўзига ёпишиб олган. Безос даъвогар дўконларга каттагина пул тўлашга мажбур бўлган ва масала суд деворларидан ташқарида ҳал этилган.

1998 — 2000 йилларда сайтда ўйинчоқлар ва электроника бўлими очилган. 2003 йилда эса фирманинг ўз IT-маркази, ундан кейин энг фаол мижозлар ва Перис Хилтон тақинчоқлар линияси ихлосмандлари учун «Amazon Prime» сервиси пайдо бўлган. «Amazon» «Twitch», «IMDB» каби онлайн сервисларни ўзига қўшиб олган, «Audible» аудикотоблар сервисини 300 миллион долларга сотиб олган ва ўзининг биринчи гаджетини — «Kindle»ни яратган.

Фото: «NY Daily News»

2009 йилда «Amazon» 1,2 миллиард долларга дунёдаги энг катта онлайн кийимлар дўконини — «Zappos.com»ни сотиб олади. Ҳозирда Жефф Безоснинг шахсан ўзи Американинг энг йирик газеталардан бири ҳисобланувчи «Washington Post»га эгалик қилади.

Яккаҳокимлик

«Amazon» ҳамон ўсишдан тўхтагани йўқ. У мунтазам равишда янги компанияларни сотиб олиб, янгидан-янги сервисларни тақдим этмоқда. Яқинда улар дронларни етказиб беришни бошлашди, шунингдек, «Amazon Gо» оффлайн-дўконини очишди. Бу шундай жойки, харид қилинган нарса учун пул тўлаб ўтирмайсиз: тизим автоматик равишда харид қилган нарсангиз нархлайди ва пулни сизнинг «Amazon»даги аккаунтингиз ҳисобидан ечиб олади. 

Фото: «CNNMoney»

Ҳозирда компания глобал иқтисодиётнинг муҳим қисмига айланиб улгурди:

  • Америкада амалга ошириладиган барча онлайн харидларнинг учдан бир қисми «Amazon.cоm «ҳисобига тўғри келади;
  • Компанияда 270 минг одам ишлайди («Google» ходимларидан 4 баробар кўп);
  • «Amazon.cоm» — энг машҳур сайтлар орасида 7-ўринда туради;
  • «Amazon»нинг йиллик айланма маблағлари — 107 миллиард доллар («Google» ва «Microsoft»никидан ортиқ);
  • Компаниянинг 304 миллиондан ортиқ фаол фойдаланувчилари бор, улар ҳар ойда 120 миллиондан ортиқ харидни амалга оширади. 
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг