Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Автомобиль бошқарувида ухлаб қолишнинг аянчли оқибати

Автомобиль бошқарувида ухлаб қолишнинг аянчли оқибати

Фото: Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ Матбуот хизмати

Жорий йилнинг январь ойидан май ойининг охирига қадар Тошкент вилояти ҳудудидан ўтувчи транспортларнинг ҳайдовчилари узоқ йўл босиб, транспортни бошқариш пайтида чарчасалар-да манзилга етиб оламан деб ухлаб қолиши оқибатида 4 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Бунинг натижасида 5 фуқаро вафот этган ва 2 фуқаро турли даражада жароҳатланган.

Мисол учун 2018 йил 14 февраль куни соат тахминан 7:00 ларда Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани Ийкота-Сергели йўлининг 4-километрида ҳайдовчи М.А. ўғли бошқарувидаги «Дамас» русумли 40 7?? ХАА номерли автомашинасини бошқариб бораётиб, йўлнинг ўнг қисмидаги бетон столбага урилиб йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Натижада «Дамас» йўловчиси, 1970 йилда туғилган Нодиржон Мелибоев воқеа жойида вафот этган.

«Дамас» русумли автомашина ҳайдовчиси тўғрисида маълумот: М.А. 1993 йилда туғилган, ўзбек, маълумоти ўрта-махсус, уйланмаган, вақтинча ишсиз, Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшайди. Ҳушёр ҳолатда ва ҳужжатлари жойида бўлган.

Олиб борилган дастлабки суриштирувлар натижасида йўл асфалтлангани, куннинг қоронғи вақтида йўл сунъий ёритилгани, ҳайдовчи рулда чарчаб ухлаб қолгани маълум бўлди.

М.А.га нисбатан 2018 йил 24 мартда ойлик маошининг 25 фоизини ушлаб қолиш шарти билан 2 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Шуни таъкидлаш жоизки, ҳайдовчилар чарчадими, ҳаракатланишдан тўхтаб, автомобилни йўлнинг четига олиб, бошқа транспортларга халал бермаган ҳолда оз бўлса-да дам олиб, сўнг йўлида давом этсалар — юқорида кўрсатиб ўтилган аянчли оқибатларга йўл қўймаган ҳамда ўзи ва атрофдагилар ҳаётига хавф солмаган бўлар эди.

Бундан ташқари йўловчилар ҳам ҳайдовчининг ҳушёрлигини ошириб, сергакликка чақириб туришларини сўраб қолардик.

Барчамиз йўл ҳаракати иштирокчиси эканлигимизни унутмайлик.

Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг