Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Боғча тарбиячилари педагогика олий ўқув юртларида бепул қайта тайёрланади

Боғча тарбиячилари педагогика олий ўқув юртларида бепул қайта тайёрланади

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети.

Фото: «Tdpu.uz»

Ўзбекистондаги барча педагогика олий ўқув юртларида боғча тарбиячиларини бепул қайта тайёрлаш курслари фаолият бошлади. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлигининг «Фейсбук»даги саҳифасида хабар берилди.

2018 йилнинг 22 февраль куни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида мактабгача таълим муассасаларини юқори малакали дефектолог (логопед), амалий психология ва мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси қайта тайёрлов курсларига қабул қилинган илк тингловчилар учун ўқув машғулотлари бошланди. Мазкур қайта тайёрлов курсига Тошкент шаҳар Мактабгача таълим бош бошқармаси томонидан 816 нафар олий маълумотли талабгорлар жалб этилди.

Шунингдек, хабарда қайд этилишича, 22 февралдан бошлаб республиканинг барча вилоятлардаги университет ва педагогика институтлари базасида боғчаларнинг педагог ва номутахассис кадрлари учун бепул қайта тайёрлаш курслари минглаб тингловчиларни қабул қилган.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 14 февралида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мактабгача таълим муассасалари тарбиячиларининг савияси, билими ва кўникмалари масаласига алоҳида эътибор қаратган эди. Тизимда фаолият юритаётган қарийб 60 минг тарбиячининг атиги 21 фоизи олий маълумотли, 79 фоизи эса ўрта махсус маълумотга эга экани қайд этилганди.

«Болалар тарбияси жараёнига ўз ишини пухта биладиган, малакали ва ҳар бир болага индивидуал ёндаша оладиган педагог-кадрларни жалб қилган ҳолда, уларни гўдаклигидан онги ва тафаккурини тўғри шакллантириб бормасак, келажакда юксак савия, билим ва маънавиятга эга бўлган баркамол авлодни тарбиялаш қийин бўлади», — деган эди давлат раҳбари.

Бу борадаги ўрганишлар натижасида келгуси 3 йилда мактабгача таълим тизимида 47 минг 300 дан зиёд олий маълумотли педагог кадрлар, жумладан, 28 минг 300 нафар тарбиячи, дефектолог, психолог, мусиқа раҳбарига эҳтиёж пайдо бўлиши аниқланган. Шу боис, жорий йил март ойидан бошлаб, вилоятлардаги университет ва педагогика институтлари базасида боғчаларнинг педагог ва номутахассис кадрлари учун ярим йиллик ўқув дастурлари асосида қайта тайёрлаш курслари ташкил этилиши белгиланганди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг