Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Энг талабгир хизматлар, мурожаатлар, оммабоп сайтлар... Ягона порталнинг 2017 йилги статистикаси

Энг талабгир хизматлар, мурожаатлар, оммабоп сайтлар... Ягона порталнинг 2017 йилги статистикаси

Қайси давлат ташкилоти халққа хизмат кўрсатишда жонбозлик кўрсатди?

Foto: «Egovernment.uz»

Ягона интерактив давлат хизматлари портали тўрт йилдан зиёд вақт давомида халқ билан давлат органларини бевосита боғловчи кўприк вазифасини бажармоқда.

2013 йилда тест режимида ишга туширилган портал халқ учун керакли бўлган хизматларни кўрсатиб, фойдаланувчиларнинг ишончини оқлади десак, хато бўлмайди. Фойдаланувчиларга қулайлик яратиш ҳамда портални янада такомиллаштириш, хизматлар сифатини ошириш мақсадида 2017 йилнинг май ойидан Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг янги талқини — my2.gov.uz синов тариқасида ишга туширилди.

Хўш, Ягона портал 2017 йилда қандай фаолият юритди, фойдаланувчилар томонидан қайси хизматларга талаб ошди, қайси давлат ташкилоти халққа хизмат кўрсатишда жонбозлик кўрсатди?  

2017 йилнинг декабр ойидаги маълумотга кўра, Ягона порталдан рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сони 239 083 нафарни ташкил этди.

2013 — 2017 йилларда Ягона порталга жами 1 750 351 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 99 фоизи бўйича мурожаатчиларга жавоб берилган.

Энг талабгир хизматлар

Ягона портал расмий сайтининг маълумотларига кўра, 2017 йил декабр ҳолатига кўра 91 мингдан зиёд хизматлар тақдим этилган бўлиб, уларнинг 92 фоизини божхона хизматлари ташкил этган. Айнан ташқи иқтисодий фаолиятга тегишли контракт (шартнома) маълумотларини Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритиш (27 316), Божхона органларига электрон божхона юк декларацияларини тақдим этиш (24 690) каби хизматлардан фойдаланувчилар кўп марта фойдаланган.

Умумий статистика

2017 йилнинг умумий статистикасига мувофиқ, Ягона порталга хизматлардан фойдаланиш учун 762 360 та ариза келиб тушган бўлиб, улардан 761 998 таси тўлиқ қайта ишланган. Қуйида келтирилган жадвалда Ягона порталга келиб тушаётган мурожаатлар динамикаси акс эттирилган бўлиб, унда 2017-йилга келиб мурожаат юбориш ёки хизматлардан фойдаланиш кўрсаткичлари сезиларли даражада ўсганини кўриш мумкин:

Кунлар бўйича мурожаатлар статистикасини таҳлил қиладиган бўлсак, аризалар иш кунларида бир хил маромда келган, дам олиш кунлари эса уларнинг келиши кескин камайган. Албатта, бу табиий ҳол, давлат хизматларига бўлган талаб айнан иш кунлари юқори даражада бўлади.

Сайтларга ташриф буюрувчилар статистикаси (www.uz)

Маълумотларга кўра, давлат ташкилотлари веб-порталлари орасида энг оммабоп ва ташриф буюрувчилари сони кўпи Молия вазирлигининг расмий веб-сайтидир. Хусусан, 34 192 та мурожаат Молия вазирлигининг расмий веб-сайти орқали давлат ташкилотларида бухгалтерия ҳисобини юритиш интерактив хизмати юзасидан келиб тушган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати портали — «gov.uz»га фойдаланувчилар 13 387 марта ташриф буюргани қайд этилган.

Мурожаатлар келиб тушиши

Бу рўйхатда Божхона қўмитаси етакчилик қилмоқда. Хусусан, мазкур ташкилотга 1 279 187 та мурожаат келиб тушган ва уларнинг 1 267 636 таси тўлиқ кўриб чиқилган. Бугунги кунда мурожаатларнинг 1340 таси кўриб чиқиш жараёнида. Рўйхатнинг иккинчи поғонасини жами 44 348 та мурожаат билан Ички ишлар вазирлиги эгалламоқда. Мазкур аризаларнинг 41 129 таси ўз вақтида кўриб чиқилган ва жавоб хатлари юборилган.

Гендер статистикаси

Ягона порталга мурожаат қилувчиларнинг аксарияти, яъни 78 фоизи эркаклар, қолган 22 фоизи аёллардир. Бундан ташқари:

  • 25 ёшдан 35 ёшгача бўлган аризачиларнинг 26,1 фоизи эркаклар, 5,1 фоизи эса аёллар;
  • 36 ёшдан 45 ёшгача бўлган фойдаланувчиларнинг 19,4 фоизи эркаклар, 4,8 фоизи аёллар;
  • 45 ёшдан юқори бўлган мурожаатчиларнинг 20,5 фоизи эркаклар, 7,2 фоизи аёллардир.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг