Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳолвани ҳоким еяверадими?

Ҳолвани ҳоким еяверадими?

Фото: «Xabar.uz»

Ҳаммаси рисоладагидай кетаётганди. Кутилмаганда ҳокимликдан совуқ мужда келдики, парранда-маррандангни йиғиштир, Султонов, иншоотларинг бузилиб, ўрнида намунали уйлар қад ростлаяжак!

Жамол Султонов аввалига жиндек тихирлик қилди. Рост-да, нега қилмасин? Биринчидан, иншоот — хусусий: йўғон чўзилиб, ингичка узилаётган пайт — 2008 йилда Яккабоғдаги собиқ Ш.Рашидов ширкат хўжалигининг мол-мулклари кўтара савдога қўйилганда (гаражнинг бир қисмини) тўққиз миллион уч юз мингга сотиб олган. Иккинчидан, бу иншоотлар гаровга қўйилиб, банкдан кредит олинган, ахир?! Гаровдаги мулкни бузиш мумкинми ўзи?

Ҳолатни ёйиброқ тушунтирсак, Жамол Султонов орадан ўн йиллар ўтиб салкам урфга кирадиган товуқ боқишни ўша пайтдаёқ бошлаб юборганди. Шу боис аввалига сотиб олган иншоотини парранда боқишга мослаштиришди. Шунинг ўзига қанча ҳаракат ва харажат қилганини тасаввур қилаверинг. Сўнг алоҳида корхона ташкил этиб, эпақага келтирган бино ва иншоотларини унинг балансига ўтказди. Ўша пайтда қайта кадастр қилинганда мулкларининг кадастр баҳоси ўн уч миллион сўмдан ошди. Ва уларни гаровга қўйиб, «Микрокредитбанк»нинг Яккабоғ филиалидан йигирма миллион сўм кредит олди. Шу тариқа тўрт мингта бройлер жўжа ва керакли озуқа ғамлаб, ишни бошлаб юборди. Ҳаммаси рисоладагидек кетаётган пайтда, юқорида айтдик, Яккабоғ тумани ҳокимлигидан совуқ хабар келди: бу жойлар бузилади, ўрнига...

Ҳокимлик мутасаддилари тадбиркорнинг ҳай-ҳайлашига қараб ўтиришмади. Бино ва иншоотлар кредит таъминоти учун гаровга қўйилганига ҳам парво қилишмади: экскаватор ёрдамида суриб ташлаб қўя қолишди. Жамол Султонов авжи парваришда бўлган жўжаларини сақлаб қолишга улгурди, холос (кейинчалик жўжаларни арзонга сотишдан бошқа чораси қолмади).

Банкдагилар ҳам гаровдаги мулклар ҳе йўқ-бе йўқ бузилганига ҳайрон бўлишди, тадбиркорга ачинишди ҳатто. Бироқ бу ниманиям ўзгартиради?! Банк кредитдан кечармиди?!

Хуллас, Жамол Султонов кредитни фоизлари билан ёпишга мажбур бўлди.

Шу тариқа тадбиркор ҳам мулкидан айрилди, ҳам тамоман қарзга ботди.

Албаттаки, туман ҳокимлиги мулкингиз баҳосига баробар мулк, олиб қўйилган ер майдонича ер берамиз, дея ваъда қуюқ қилганди ўшанда. Бироқ бировнинг мулкини бузиш масаласида қайси маҳаллий ҳокимият ваъда-ю мажбуриятини қачон ўз вақтида адо этган? Ҳатто бугунга келиб, давлат ва жамият манфаатлари учун олиб қўйиладиган ер майдонлари учун аввалдан компенсация тўлаш масаласи қатъийлашганига қарамай, минг ғурбат, минг ғавғо келиб чиқмоқда?! Ҳў-ў, 2012 йилдаги аҳволни-ку қўяверинг...

Яккабоғ туман ҳокимлиги тадбиркорнинг мулки бузилганидан бир неча йил ўтиб, туман халқ таълими бўлимига қарашли 42-мактабнинг эски биносини 0,15 гектар ер майдони билан ажратиб беради. Бироқ отамзамондан қолган бу иншоотнинг кадастр баҳоси 10 миллион сўмга етмайди денг. Тадбиркорнинг бузилган мулклари баҳоси бундан тўрт ярим баробар (45 366 000 сўм), олиб қўйилган ер майдони (0,75 гектар) эса беш баробар катта бўлгани эътиборда тутилса, қанақа адолат ҳақида гап бўлиши мумкин? Бунга мулк гаровда турганига қарамай бузиб ташлангани, олинган кредитдан бир тийин наф кўрмай, аксинча, фоизлари билан тўлаши оқибатида етказилган зарарлар бунга қўшилмади ҳали...

Тадбиркорни кўча тилида айтсак — мазахлаш, қонун тилида айтганда — сарсон қилиш шу билан ниҳоясига етгани йўқ.

Ж.Султоновнинг тинимсиз ёзган шикоятлари натижасида, ниҳоят 2017 йилнинг 12 апрель куни туман ҳокими маиший хизмат бинолари қуриш учун 0,48 гектар ер майдони ажратиб берди. Қаердан, денг?! Ўша, олти йил аввал туман ҳокимлиги бузиб ташлаган тадбиркорнинг паррандачиликка мўлжалланган бино-иншоотлари ўрнидан?! Нима, бу жойга намунали уйлар қурилмадими, дерсиз?! Йўқ-да, йўқ! Аксинча, бир инсонни қақшатиб, гаровдаги мулкини бузган ҳолда, «намунали уйлар қурилади», дея олиб қўйилган ер майдони... бир неча фуқароларга шахсий уй-жой қуриш учун ажратиб берилган экан?! Бунисига нима дейсиз?

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Тадбикор бир пайтлар ўзи тасарруф қилган, ҳокимлик олиб қўйиб, эндиликда яна унинг ўзига ажратиб берган 0,48 гектар ер майдонига эндиям эгалик қилолмаётганига нима дейсиз?! Нега? Чунки, бу ер майдонлари ҳам ими-жимида кимларгадир хатлаб берилган чоғи, «ер меники!» дея қурилиш қилишига тўсқинлик қилувчилар чиқмоқда.

Вазиятга ойдинлик киритиб берадиган мутасаддилар топилмаяпти ҳозирча...

Туман прокурорига арз қилганди, жавоб қисқа ва лўнда бўлди: «Судга боринг!».

Қизиғ-а, оддий фуқаронинг уй-жойими ёки бирор мулкими бузилишга тушса, масалани суд орқали, жилла қурса, томонларнинг масъулият ва мажбуриятини белгиловчи шартнома тартибида ҳал қилишни биров ўйлаб кўрмайди. Аммо ҳокимият томонидан фуқарога зарар етказилса, жавоб нақд: судга боринг! Фуқаро судга бориб, минг азобда қарор чиқартирди ҳам дейлик. Шундаям унинг ижросида минг муаммога гирифтор бўлади. Молия органларидан бир сўм ундириш, суд қарорига бўлиши қарамай, ўлимдан қийин!

Яккабоғ тумани ҳокимлиги томонидан тадбиркорга зарар етказилгани фактми? Гаровдаги мулкни бузиш қонунсизликми? Олти йилдан буён сарсон-саргардонликдан Жамол Султонов роҳат қиляптими?

Шундай экан, унинг манфаатларини кўзлаб, прокурорнинг ўзи судга даъво киритиши мақсадга мувофиқ эмасми аслида? Жамол Султоновга ўхшаганларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларини прокуратура ҳимоя қилмаса, улар кимга ва қаерга борсин?!

Акс ҳолда ҳолва ҳокимлардан ортмайди, калтак эса етимлардан...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг