Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ислом Каримовнинг Давлат котиби ўзбек сўми қандай дунёга келганини сўзлаб берди

Ислом Каримовнинг Давлат котиби ўзбек сўми қандай дунёга келганини сўзлаб берди

Ислом Каримов ва Раҳим Ражабов

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Биринчи Президентининг биринчи ва сўнгги Давлат котиби Раҳим Ражабов ўзбек сўми қай тарзда пайдо бўлгани ҳақида сўзлаб берди. Унинг хотиралари ЎзАда эълон қилинди.  Тез орада ушбу мақола тўлиқ шаклда берилиши кутилмоқда.

— Ўзбекистон Мустақиллигининг учинчи ё тўртинчи йили эди, — дея гап бошлайди Ўзбекистоннинг биринчи Президенти қошидаги собиқ Давлат котиби Раҳим Ражабов. — Миллий валютамиз йўқ эди, Ўзбекистон Россия рубли билан фаолият юритмоқда эди. Айни пайтда Мустақилликка эришган давлатимиз ўз миллий пулини чиқариши юзасидан иш олиб борилаётганди.

Собиқ иттифоқдош республикалар, жумладан, Ўзбекистонни ҳам ягона рубль ҳудудида ушлаб туриш Россия учун фойдали эдими? Россия давлат банкларидан бизга рус банкноталари етарли миқдорда мунтазам келиб турар эди. Лекин бу ҳолатнинг биз учун на маънавий, на моддий ва на молиявий фойдаси бор эди. Ҳақиқий — ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий мустақил давлат сифатида эътироф этилиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро муассасаларга тўлақонли аъзо бўлиш учун Ўзбекистон ўз миллий чегараси, конституцияси, герби, мадҳияси ва, албатта, ўз миллий валютасига эга бўлиши шарт эди.

Лекин шунча вақт ўтса ҳам ҳамон ўзимизнинг миллий пулимизга эга эмас эдик. Янги пул ишлаб чиқариш осон эмаслигини давлат раҳбари ҳам, иқтисодчилар, мутахассису молиячилар ҳам яхши тушунишар эди.

Агар биз ўша пайтда миллий пулимизни чиқараяпмиз, деб овоза қилсак борми, Россия Ўзбекистонга қоғоз пул беришни таққа тўхтатиб қўйган бўлар эди. Ана унда асосий молиявий мулоқот воситасидан ҳам маҳрум бўлган ёш мустақил республиканинг аҳволи, қарийб 22 миллионли халқнинг ҳаёти, саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалигини бошқариш нима бўлиши фақат Аллоҳга маълум эди. Иттифоқнинг тарқалиб кетишида ўзлари ташаббус кўрсатган бўлсалар-да, биз мустақил бўлганимизни унчалик ҳам хушламас эди. Буни тушунадиган тушунади, тушунмайдиганларга тушунтириб ҳам бўлмайди.

Лекин бир нарса ойдек равшан эди. Давлатлараро муносабатларда барча масалалар — қишлоқ хўжалиги, саноат ё қурилиш ва ҳатто мудофаа масаласида ҳам ҳамкорлик қилиш мумкин эди. Фақат пул масаласида эмас. Зеро, пул ўта нозик — сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, молиявий масала. Бошқа давлатнинг пул бирлигида хўжалик юритиш эса кутилмаган томонлари билан қалтис ва ниҳоятда хавфли эканини ҳаётнинг ўзи исботлаётган эди. Катта ёшдаги юртдошларимиз яхши эсласа керак, Россия давлат банки энг катта пул бирликларидан бўлган 50 рубллик банкнотани ҳеч қандай эълонсиз тўсатдан алмаштириб, аҳоли шахсий жамғармасини қўйинг, ҳатто энди оёққа тураётган кичик ва ўрта тадбиркорлару катта бизнесменларни ҳам ағдар-тўнтар қилиб ташлай, деган эди.

Президент шу ҳақда ўйлар эди. Ахир, Россия давлатни, халқни бошқариш қонун-қоидаларига зид ҳолда, бир кечанинг ўзида 50 рубллик қоғоз пулларини бекор қилди-ку?!

(Давоми бор)

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг