Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Оҳангаронда туман кадастр бўлимига ёзилган ариза қидирилмоқда. Алоҳида белгилари...

Оҳангаронда туман кадастр бўлимига ёзилган ариза қидирилмоқда. Алоҳида белгилари...

Фото: Сторифокс

«Тут» МФЙдаги 13-умумтаълим мактаби ўтган асрнинг 30-йилларида қурилган. 2008 йилда мактаб ўрнида 320 ўринга мўлжалланган янги таълим муассасаси барпо этилди. Мактаб стадиони ҳам ўша даврдан буён мавжуд. Мазкур стадионда чақириққача ёшларни тарбиялаш бўйича машқларни ўтказишга мўлжалланган тайёрлаш майдончаси мавжуд. Мактабда спортнинг футбол, мини футбол, волейбол, шахмат-шашка, кураш ва бошқа турлари бўйича тўгараклар фаолият кўрсатиб келмоқда. Бир қарашда ҳамма нарса бинойидек – мактаб, стадион, спорт тўгараклари, бироқ…

Қарийб 100  йиллик тарихга эга ушбу мактабнинг стадиони атрофида шу кунларда гап-сўзлар кўпайди. Баъзи олғирлар стадион ва унга ёндош ҳудудлар айни вақтда туман ҳокимлиги захира ерлар балансида турганидан фойдаланиб…

Стоп. Орада бошқа гаплар бор.

Бир қарасанг, ҳамма гап мактабнинг ҳозирги ва собиқ раҳбарларида бўлиб чиқади. Чунки ўз вақтида ҳужжат ишларининг пишиқ-пухта қилиб қўйилмагани, бугунги кунда кўпчиликнинг болалик йўлдоши, ҳудуд аҳолисининг умумий мулки, жоиз бўлса, файзи, меросига айланиб бўлган масканга харидорлар чиқишига туртки бўлаётибди. Шу жиҳатдан олганда, бу маскан ва унинг ён-верига кўз тикиб, ҳалол бизнес бошлаётганларни ҳам айблаш ноўрин. Аммо…

Бу оламда хусусийлаштириб бўлмайдиган нарсалар бор. Элнинг назаридаги жойлар, аллақачон халқ мулкига айланган масканлар ана шулар жумласидандир. Бугун наинки Тутдаги, қолаверса, бошқа барча  қишлоқлардаги аксарият мактаб стадионлари ҳам неча-неча авлоднинг суяги қотган, ўзининг кечаги куни, ёшлиги ҳақида хотиралар соладиган бир масканга айланган. Шу жиҳатдан олганда, кўпнинг назаридаги жойларга кўз тикаётганлар масаланинг бу томонларини ҳам бир мулоҳаза қилиб кўришса яхши бўларди.

Мактаб директори  Абдуқаҳҳор ака Эрназаров билан суҳбатлашар эканмиз, ўз вақтида кадастр ҳужжатлари қилдирилмаганига астойдил ачинди. «Ҳечдан кўра кеч», деганларидек, бу масала юзасидан ўқитувчилар, бир қатор фуқаролар томонидан ҳудудий секторга мурожаат қилинган.

Орадан тўрт ой ўтди. Нима ўзгарди?

Ҳеч нима. Сектор раҳбари билан суҳбатлашганимизда, масаланинг унга боғлиқ жиҳати бўйича муаммо йўқлиги, мурожаат тушган заҳоти тегишли тартибда туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлимига расмий хат юборилгани айтилди. Масъуллар томонидан эса ҳанузгача расман жавоб йўқ. Муаммонинг ижобий ечимини 4 ойдан бери кута-кута тоқати тоқ бўлган ўқитувчилар яна туман ер бўлимига учрашади. Масъулнинг жавоби эса шунчаки, нима десак экан-а?.. Афсус, журналистик этикага кўра, матбуотда сўкиниш мумкин эмас-да… Хуллас, гапнинг аввалига қайтамиз.

Ўртоқлар, қадрли  Оҳангарон аҳли! Мабодо Тут қишлоғидаги 13-мактаб ўқитувчиларининг туман кадастр бўлимига ёзган аризасини кўрмадингизми? У қаерда бўлиши мумкин? Илтимос, бордию кўча-кўйда, нораво жойларда ғижимланган, эътиборсизларча ташлаб юборилган бу аризани топиб олсангиз, туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлимига элтиб беринг. Улар бу аризани йўқотиб қўйишган – топилмаяпти. Ёрдам бермасангиз бўлмайди. Чунки бу кетишда, йиллар ўтиб кетиши мумкин, унгача стадион ва унга ёндош ҳудудлар бошқаларга ҳатлаб берилса, эртага ким деган одам бўламиз?..

Беҳзод Қобулов,
«Xabar.uz»нинг Тошкент вилояти бўйича махсус мухбири.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг