Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Оксфорд, Ҳарвард, Кембриж, Принстон: дунёнинг энг яхши олийгоҳлари ҳақида нималарни биламиз?

Оксфорд, Ҳарвард, Кембриж, Принстон: дунёнинг энг яхши олийгоҳлари ҳақида нималарни биламиз?

Фото: «The Sun»

Дунёнинг энг илғор университетларида таҳсил олишни кўпчилик истайди. Лекин, бунинг учун ўзига яраша билим, шунингдек, маблағ ҳам керак. Бундан ташқари, олийгоҳларга кириш учун зарур ҳужжатлар ҳақида билиб қўйиш зиён қилмайди. Қуйида шу ҳақда маълумот берамиз.

Жон Нэш таҳсил олган университет (АҚШ)

Профессор Жон Нэш ушбу университетда ўқиган.
Фото: «Times»

1746 йили асос солинган Принстон университети АҚШдаги тўртинчи қадимий олийгоҳ ҳисобланади. Бу ерда Нобел мукофотининг 30 нафардан ортиқ лауреатлари таҳсил олган бўлиб, уларнинг орасида машҳур иқтисодчи ва профессор Жон Нэш ҳам бор («Тафаккур ўйинлари» бадиий филми бош қаҳрамони, ролни Расселл Кроу ижро этган). «Таймс» нашрининг талқинига кўра, дунёнинг энг яхши университетлари рейтингида Принстон 7-ўринда бормоқда. Олий ўқув юртида жами 36 та бўлим мавжуд.

Ҳужжат топшириш

Университетга икки хил усулда ҳужжат топшириш мумкин. Биринчиси, фақат бир олийгоҳга кириш ҳаракатида юрганлар учун бўлиб, дедлайн 1 ноябргача, лекин университет қарори декабр ўрталарида эълон қилинади. Иккинчиси, бир неча ОЎЮларига ҳужжат топширишни истаганлар учун дедлайн 1 январгача, аммо ректорат қарори 31 мартгача маълум этилади.

Принстон университетига кирувчи абитуриентлар керакли анкета маълумотларини тўлдирадилар. Хорижликлар эса қўшимча равишда халқаро сўровномани ҳам тўлдиришлари лозим бўлади. Шунингдек, охирги ярим йиллик баҳолари акс этган мактаб аттестати, икки хил фан ўқитувчисидан тавсифнома ва SAT (Scholastic Aptitude Test) ёки ACT (American College Testing) имтиҳонлари натижаларини тақдим қилишлари талаб этилади. Она тили инглиз тили бўлмаган ва инглиз тили мактабларига бормаган хорижлик абитуриентлар эса TOEFL натижаларини кўрсатишлари жоиз.

Таълим учун тўлов ва стипендия

2016-2017 йилда ўқиш учун ўртача 63420 АҚШ доллари (бир йилга), шундан курс учун тўлов 45150, яшаш учун эса 8285 доллар маблағ белгиланган.

Университетда талабалар учун стипендия ҳам ажратилган, фақат буни белгилайдиган махсус дастур бор. Financial Aid Programme дастурига фуқаролигидан қатъи назар, барча талабалар кириши мумкин, лекин ушбу дастур уларнинг иқтисодий муҳтожлигини инобатга олади. Принстон университети расмий сайтида махсус калкулятор хизмати мавжуд бўлиб, у орқали дастурда қатнашиш имкониятини текшириб кўриш мумкин.

Ўқиш муддати 4 йил.

Кампус (талабалар шаҳарчаси)

Қадим тарихга эга университетлар қатори Принстонда ҳам кампус фаолияти йўлга қўйилган. Ҳозирда олийгоҳ шаҳарчаси ҳудудида ўқув биноларидан ташқари, кутубхона, музей, черков, хиёбон, бир нечта театр, кинотеатр, ресторан, кафе ва барлар мавжуд. Талабалар Принстон коллежи дея номланадиган умумий ётоқхоналарда яшайдилар.

«Ҳарри Поттер» суратга олинган университет
(Буюк Британия)

Оксфорд университетида Буюк Британиянинг 26 нафар бош вазири таҳсил олган.
Фото: «The Telegraph»

Дунёга машҳур Оксфорд университетида Нобел мукофотининг 26 нафар лауреати ва Буюк Британиянинг 26 нафар бош вазири таҳсил олган. Қадимийлиги бўйича жаҳонда иккинчи ўринда турадиган ушбу олийгоҳга кириш учун бир ўринга ўртача 5 киши даъвогарлик қилади. Статистика маълумотларига кўра, 91 фоиз битирувчилар ўқитиш сифатидан рози бўлишган. Энг қизиғи, Оксфордга ҳужжат топширган абитуриентлар олийгоҳнинг азалий рақобатчиси Кембриж университетига бир вақтда ҳужжат тақдим этолмайдилар.

Университетга ёшидан қатъи назар, исталган одам қабул қилинади. У ерда асосан, мактабда олинган билимга эътибор қаратилади. Шу пайтгача олийгоҳда 140 мамлакатдан келган талабалар таҳсил олишган. Ҳозирда бир нафар хорижлик талабага икки нафар британиялик тўғри келади.

Оксфорд университети қачон ишга тушгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. У ҳақдаги илк хотиралар 1096 йилга бориб тақалади. 1167 йилда қирол Ҳенри II фармонига кўра, англиялик талабалар француз университетидан чиқиб, Оксфордда таҳсил олишга мажбур бўлишган.

Ҳужжат топшириш

Оксфорд университетига ҳужжат топшириш муддати 15 октябргача этиб белгиланган, имтиҳон натижалари эса кейинги йилнинг ўрталарида эълон қилинади.

Аввало аъло баҳолар ва инглиз тилини аъло даражада билиш талаб этилади. Хорижлик абитуриентлар учун талаблар турлича. Бошқа университет бакалавриатидаги бир йиллик таҳсил ҳужжат топшириш учун етарли бўлиши мумкин.

Талаб этиладиган минимал баллар қуйидагича: Internet-TOEFL —100 балл, IELTS — 7.0, A-Levels — AAA ёки ААА*, IB — 38, SAT-Critical Reading — 1400, SAT-Math — 1400, SAT-Writing — 700, SAT-Subject Test — 700.

Таълим учун тўлов ва стипендия

Олийгоҳ расмий сайтидаги махсус калкулятор орқали талаба мутахассислиги, фуқаролиги ва неча йил ўқишига қараб, тўловни ҳисоблаб олиши мумкин. Мисол учун, ушбу ўқув йилида кимёвий биология бўлимидаги докторлик даражаси учун хорижлик талабалар 21703 фунт стерлинг тўладилар.

Талабалар учун стипендия ажратаман деган хайрия жамғармалари жуда кўп. Лекин талабаларнинг ўзлари ихтиёрий равишда уларни топишга анча қийналишади. Яхшиси, университет таклиф этган фондлардан бирини танлаш керак.

Ўқиш муддати 3 йил.

Кампус

Оксфорд университетида таниқли ва машҳур шахслар таҳсил олганидан ташқари, бир қатор сирли воқеалар ҳам тилга тушиб улгурган. Айнан шу ерда Ҳарри Поттер ҳақидаги филмлар суратга олинган, ёзувчи Люис Кэрролл «Алиса»ни ёзган, ёзувчи Толкиен эса «Узуклар ҳукмдори» фильмидаги қалъаларни шу ерда тасвирлаган.

Университет атрофидаги кўчаларда Оксфорднинг энг машҳур пабларидан бири жойлашган. Бу ерда ўз вақтида Ричард Бертон, Элизабет Тейлор ва АҚШ собиқ президенти Билл Клинтон вақтини чоғ ўтказишган. Шунингдек, 100 та кутубхонадан иборат катта тармоқ бор бўлиб, шундан 30 таси Европадаги энг қадимий кутубхоналар сирасига кирса, Англияда катталиги бўйича иккинчи ўринда турувчи Бодлеан кутубхонаси ҳам жойлашган. Унинг архивида 12 миллиондан ортиқ намуналар мавжуд.

Кембрижда жойлашган Ҳарвард университети (АҚШ)

Хорижликлар ҳам АҚШ фуқаролари билан бир хил мавқеда ҳужжат топширадилар.
Фото: «New York Times»

Яна бир машҳур олийгоҳ — Ҳарвард университетига 1636 йили асос солинган бўлиб, АҚШнинг энг қадимий ОЎЮларидан бири ҳисобланади. Бу ерда бошланғич таълим Ҳарвард коллежида амалга оширилади. Ҳар бир номзодни қабул комиссиясининг икки ходими кўрикдан ўтказади. Олий маълумот билан Ҳарвард бакалавриатига кириш мумкин эмас. Хорижликлар ҳам АҚШ фуқаролари билан бир хил мавқеда ҳужжат топширадилар.

1900 йилдан бошлаб Ҳарвард университети ва Массачусетс техника институти (МТИ) талабалари ўртасида рақобат пайдо бўлади. Лекин бу дўстона рақобат кейинчалик ҳамкорликка айланади: икки олийгоҳ талабалари бир-бириникидаги ўқув курсларига бепул қатнашишлари йўлга қўйилади.

Ҳужжат топшириш

Аризалар 1 ноябр ва 1 декабргача қабул қилинади, вақтлироқ ва ҳамма билан бирга ҳужжат топширмоқчи бўлган абитуриентлар учун иккита муддат белгиланган.

Ҳужжат топширишнинг икки хил йўли бор: Universal College Application ёки Common Application анкеталари тўлдирилади. Аризани сайт орқали тўлдириш ёки кўчириб олиб, нашрдан чиқариб, почта орқали ҳам юбориш мумкин. Аммо ариза бериш текин эмас, атиги 75 доллар. Аризада тест ва имтиҳонлар натижалари ҳам кўрсатилиши керак.

17 ёшдан юқори бўлган абитуриентлардан аъло баҳоларга тўла мактаб аттестати ва кириш имтиҳонларининг юқори баллари талаб этилади. Энг кам балл расман белгиланмаган, аммо аксарият талабалар SAT I ва SAT IIнинг ҳар бир қисмини 600 дан 800 балгача топширишган.

Таълим учун тўлов ва стипендия

Ҳарвард университетида бир йил ўқиш учун тўлов ўртача 45278 доллар этиб белгиланган, бошқа харажатлар билан сумма 69600 долларгача ошиши мумкин.

Университет ўқиш пулини тўлай олмайдиган талабалар учун молиявий ёрдам кўрсатади. Тўлиқ миқдорда стипендия олиш учун талаба оиласининг йиллик харажати миқдори 65000 доллардан ошмаган бўлиши лозим.

Ўқиш муддати 4 йил.

Кампус

Ҳарвардда жами учта кампус бор, уларнинг орасида транспорт ҳаракати йўлга қўйилган. Саксон беш гектар майдонга эга биринчи кампус Массачусетс штатидаги Кембриж шаҳарчасида жойлашган. Унинг ҳудудида маъмурий бино, кутубхона, музей, ўқув бинолари ва ётоқхоналар жойлашган. Қолган иккита кампус Эллстон ва Лонгвудда жойлашган.

Оксфорддан ҳайдалган олимлар очган олийгоҳ
(Буюк Британия)

Бу ерда 700 йилдан бери энг кам балл олган талабага ёғоч қошиқ тақдим этилади.
Фото: «Daily Mail»

Кембриж — Буюк Британиянинг энг қадимий тарихга эга яна бир университети бўлиб, дунё бўйича барча рейтингларда етакчилик қилади. Бундан 800 йил олдин қотилликда айбланган талаба туфайли Оксфорд университетидан ҳайдалган олимлар ушбу олийгоҳни ташкил қилишган. Бу ерда кўҳна анъаналарга содиқ қолинган: 700 йилдан бери энг кам балл олган талабага ёғоч қошиқ тақдим этилади.

Ҳужжат топшириш

Аризалар UCAS умумуниверситет тизими ва Кембриж ички шакли орқали ҳар йили 15 октябргача қабул қилинади. Апрел-май ойларида университет томонидан таклиф этилган дастурларни абитуриентлар ўзлари ўқиб олишлари лозим. Сентябр-декабр ойларида эса хорижлик абитуриентлар ёки олийгоҳнинг ўзида ёки Кембриж белгилаган бирор мамлакатда суҳбатдан ўтишлари керак (бу йил Австралия, Канада, Хитой, Ҳонгконг, Сингапурда бўлиб ўтди).

Қабул комиссиясининг асосий эътибори абитуриентнинг ихтисослик фанидан Британия тизими бўйича аъло баҳога ўқиганига қаратилади. Шунингдек, маълум муваффақиятлар ҳам ҳисобга олинади: олимпиада ва танловларда ғолиблик, тадқиқот ишларида фаоллик, конференцияларда қатнашиш. Бундан ташқари, IELTS шкаласи бўйича 7.0 балл олиш талаб этилади.

Таълим учун тўлов ва стипендия

2016-2017 ўқув йилида хорижлик талабалар ўқув учун тўлов миқдори 15816 доллардан бошланди. Бундан ташқари, бунга йилига 9400 фунтдан тўғри келадиган яшаш учун тўловни ҳам қўшиш даркор.
Хорижлик талабалар учун грантлар миқдори жуда кам бўлиб, бу ҳақда батафсил маълумот олиш учун маъмуриятга мурожаат этиш керак. Кўп грантлар аспирант ва магистрантлар учун аталган.

Кампус

Кембриж университети таркибида 31 та коллеж бўлиб, ҳар бир коллеж ўз ҳудуди, инфратузилмаси ва бошқарув тарикибига эгадир. Университет кампусида бир қатор машҳур музейлар ва 100 тадан ортиқ кутубхоналар мавжуд.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг